18 Июл 2022 йил 819

Ҳушёрлик...

Бир неча кун аввал ҳаммамиз Қурбон ҳайитини нишонладик. Таниш - билиш, ёру биродарлар бир - бирларини қутлашиб, яхши ниятлар қилишлари ҳам динимиз, ҳам урф - одатимиз кўрсатмаларидан бўлиб, инсонийлик белгиси ҳисобланади. Учқўрғон туманидаги мен ўқиган 8 - умумтаълим мактабидаги устозларим билан “узилиб” кетмаганман. Директоримиз Муҳаммадсоли Адашевга телефон қилдим. Ҳайит билан табрикладим. Хайр - хушлашишдан аввал у киши бир воқеани қониқиш билан сўзлаб берди.

- Яқинда Қайқи қишлоғимизда қад ростлаган “Саттибой халфа” жоме масжиди намозхонлар билан тўла. Уларнинг эмин - эркин, тинч - осуда ибодат қилишлари учун ҳамма шароит муҳайё. Барча хизмат ходимлари – хавфсизлик, ички ишлар, ёнғинга қарши гуруҳ ва тиббиёт ходимлари ўз постларида сергаклик билан туришарди.

Намоз бошлангач намозхонлардан бири ўз ҳушини йўқотаёздими, бетоқатланди. Сафларни кузатиб турган тартибот органлари ходимларидан бири югуриб сафдаги кишини кўтариб, йўлнинг нариги бетидаги қишлоқ врачлик пунктига олиб кириб кетди. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди. У шахс ҳушига келтирилди. Сергаклик билан ҳаракат қилган шахс Учқўрғон тумани ИИБ ходими экан. Аниқроғи ҳуқуқбузарлик профилактикаси бўлими катта инспектори, майор Музаффар Ҳайдаров экан. Унинг ўз бурчига садоқати, ҳушёрлиги ва тезкор ҳаракатига ҳаммани кўзи тушди ва ҳамманинг кўзидан хурсандчилик ёши думалади.

Ўша куни кейинги намоздан сўнг масжид имоми Абдулҳай Ўриновнинг ҳамма ва ҳар бир шахс ўз ишини билиб қилиши кераклиги ҳақидаги суҳбатлари ҳам масжид қавмига ёқиб тушди.

Ҳа, бизда давлат органлари ходимлари халқимизга хизмат қилаётгани бор ҳақиқат. Бу йўлдаги мустаҳкам бирликка асло кўз тегмасин.

Раҳимжон Ирисов

журналист

Text to speech