Ҳарбийлар ва ходимлар ўзаро тажриба алмашмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5050-сон Қарорини шахсий таркибга етказиш ва қарорда белгилаб берилган вазифалар ҳамда 2021 йил 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал-майор А.И.Икрамов ҳузурида ўтказилган видеоселектор йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг 30 апрель куни Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Т.А.Маматкулов бошчилигида, бошқарма масъул ходимлари ҳамда шаҳар-туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқарма ва бўлимлари бошлиқларининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарларидан иборат гуруҳ Мудофаа ишлари вазирлигининг Шарқий-ҳарбий округига қарашли, Поп туманида жойлашган 07648-сонли ҳарбий қисмда ташкил этилган маънавий-маърифий ишлар билан яқиндан танишди.
Гуруҳ аъзолари қисмда ҳарбий хизматчилар ва оддий аскарларга яратилган шарт-шароитлар, ободонлаштириш ишлари, тозалик, озодалик ва кун тартибига риоя этилиши борасида қўшимча маълумотлар олишди. Кутубхонадаги китобларни ўрганиш давомида масъул ходим томонидан йиғилганларга мавжуд китобларнинг ҳарбийлар ҳаётида тутган ўрни борасида сўзлаб берилди. Маънавий-маърифий тадбирлар бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилиб, келгусида Ички ишлар органларида ҳам айни шу борада йўлга қўйилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Ҳамкорликдаги бу каби тадбирлар ҳамда учрашувларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этишда аввало, «Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш — олий бурчимиз!» концептуал ғояси асосида, барча ходимлар ва ҳарбий хизматчиларнинг умумий дунёқараши, сиёсий онги, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик, ғурур, ифтихор, касбига нисбатан садоқат ва юқори масъулият ҳисларини оширишдан иборат.
Кадрлар бошқармаси касбий тайёргарликни ташкиллаштириш бўлими.