Гиёҳванд ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилмоқда
“Таркибида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалари бўлган, Шунингдек кучли таъсир этувчи препаратларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш тезкор-профилактик тадбири”ни ўтказиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2023 йил 23 октябрь кунги ҳамда Наманган вилоят ИИБ бошлиғининг 31 октябрь кунги фармойишларига асосан, шу йил 1 ноябрь санасидан 30 ноябрь кунига қадар Наманган вилояти Давлат хавфсизлиги хизмати, Соғлиқни сақлаш, Божхона, Солиқ бошқармаси, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа манфаатдор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда жойларда тарғибот, рейд тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Ана шундай тарғибот учрашувларидан бири жорий йилнинг 10 ноябрь куни Наманган Давлат университетининг талабалари иштирокида бўлиб ўтди. Тадбирда дастлаб психотроп ва наркотик моддаларга ружу қўйишнинг оқибатида юзага келадиган аянчли вазиятлар ҳамда жиноятлар тўғрисида ҳаётий мисоллар билан йиғилганларга маълумотлар берилди. Шунингдек, гиёҳванд моддаларнинг савдоси, сақланиши ва истеъмоли қонун билан таъқиқлангани, ушбу ҳаракатларни содир этган шахс жиноий жавобгарликка тортилиши алоҳида таъкидланди ва ёшлар орасида бу иллатларга қарамлик ҳолатини олдини олишда талабаларнинг ҳам тарғибот тадбирларида иштироки муҳимлиги айтиб ўтилди.
Тадбир давомида психотроп ва гиёҳванд моддаларнинг салбий оқибатлари ҳақида ҳикоя қилувчи “Ўйламай босилган қадам” номли махсус фильм йиғилганлар эътиборига намойиш этилди.
Учрашув сўнггида талабалар мавзуга доир ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олишди. Ойлик доирасидаги тарғибот тадбирлари барча ҳудудларда давом этмоқда.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати