Фидойи ҳамкасбларимиз: Хатодан хулоса чиқармаслик айб
Ходимнинг оиласи тинч, муаммолари йўқ бўлса, хизматда самарадорлик бўлади. Буни яхши англаган Наманган вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХ батальони командирининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Файзулло Ҳакимов ходимларнинг кайфияти билан қизиқади, оилавий шароитини ўрганиб, тегишли тартибда ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини кўриб боради.
Масалан, батальон 3-отряди бўлинма командири, сафдор С.Комилов билан суҳбат жараёнида ходимнинг оиласида яқинда фарзанд туғилгани, ойлик маошининг маълум бир қисми кредит тўлаш учун кетаётгани маълум бўлди. Шу сабабли ходимга моддий ёрдам бериш юзасидан раҳбариятга таклиф киритилди. Шунингдек, сержант Д.Раҳимовга ҳам оилавий эҳтиёжлари учун бир марталик моддий ёрдам олиш юзасидан қилинган масала ҳам ижобий ҳал этилди.
Подполковник Файзулло Ҳакимовнинг интизомий жазо чорасини олган ходимлар билан алоҳида суҳбатлар ўтказиб бориши ҳам самарасиз бўлмаяпти. Ходимга “ҳайфсан” интизомий жазо бериш унинг соҳадан кўнглини совитиш эмас, балки хатоларидан тегишли хулоса чиқаришга ундаши шарт. Масалан, 3-отряд сафдор ходимлари — сафдорлар Ж.Якубов ва Ж.Абдураҳимовга хизмат вазифасига боғлиқ бўлмаган фаолиятга аралашмаслик, тартиб-интизомга риоя қилиш кераклигини ётиғи билан тушунтирди. Самимий суҳбат чоғида ходимлар хатодан хулоса чиқармаслик айб эканини тушундилар.
- Ҳужжатлар билан ишлаш, ижро интизомига риоя этиш бўйича подполковник Файзулло Ҳакимов ходимлардан ўз маслаҳат ва кўмагини аямайди, — дейди батальон хизматни ташкиллаштириш гуруҳи катта инспектори, катта сержант К.Ваҳобов. — Албатта, бу биз, ходимларга куч ва ғайрат бағишлайди.
Лавҳамиз қаҳрамонининг ташаббуси билан ҳозирги вақтда ходимларнинг билим савиясини ошириш, нутқ ва муомала маданиятини юксалтириш, дунёқарашини кенгайтириш мақсадида ҳафтада бир марта “Китобхонлик соати” ўтказиб келинади. Бунда ходимлар кутубхонада ўқиган китоблари бўйича фикр алмашадилар.
Шахсий таркибнинг жисмоний тайёргарлигини ошириш мақсадида спорт машғулотларига алоҳида ўрин ажратилгани ўз самарасини бермоқда. Ходимлар яратилган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланиб, турли спорт мусобақаларида фахрли ўринларни ҳам қўлга киритмоқда. Масалан, шу йилнинг 25-28 август кунлари вилоят ички ишлар органлари ходимлари ўртасида ўтказилган волейбол мусобақасида батальон жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллади. 1-отряд сафдор ходими, сафдор Жаҳонгирмирзо Собиржонов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида 100 метр масофага югуриш бўйича ўтказилган мусобақада ғолиб бўлди.
Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА, ўз мухбиримиз.
Наманган вилояти