ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан наркотик савдосига чек қўйилди.
Жорий йил 29 январь куни Учқўрғон туманида яшовчи фуқаро туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, Фарғона вилоятида яшовчи фуқаро унга қўшни Қирғизистон Республикасидан гиёҳванд моддаси ўтказишда ёрдам беришни сўраганлигини маълум қилиб, чора кўришни сўраган.
Шу куни соат 16:00 ларда, ДХХ Учқўрғон туман бўлими ва Учқўрғон туман ИИБ ходимларини ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида, Фарғона вилоятида яшовчи, муқаддам судланган хусусий тадбиркор Учқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи Қирғизистон Республикаси ҳамда Ўзбекистон Республикасини ажратиб турувчи чегара орқали божхона назоратини четлаб, контрабанда йўли билан қирғиз миллатига мансуб шахсдан кўп миқдордаги гиёҳвандлик моддасини қонунга хилоф равишда, Тошкент шаҳрида яшовчи шахсга ўтказиш мақсадида “Учқўрғон деҳқон” бозори олдидан ўтувчи автомобиллар қатнов йўлида, Дамас русумли автомашинасида олиб кетаётган вақтида, жиноятини охирига етказа олмай, ДХХ Учқўрғон туман бўлими ва туман ИИБ ходимлари томонидан ушланган.
Терговга қадар текширув мобайнида, Дамас русумли автомашина ўрта ўриндиғи тагидан оқ рангли целлофан пакетга ўралган, бир бўлак, ногеометрик шаклдаги, юмшоқроқ, ўткир ҳидли, тўқ жигарранг-қорамтир гиёҳвандлик моддасига ўхшаш модда борлиги аниқланиб, текшириб кўриш учун баённома орқали ИИБга олинган.
Наманган вилояти ИИБ ЭКБнинг хулосасига кўра, ушбу модданинг соф оғирлиги 651,01 грамм бўлган “Гашиш” гиёҳвандлик моддаси эканлиги кўрсатилган.
Ушбу ҳолат бўйича Учқўрғон туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўз.Р ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Наманган вилоят ИИБ Ахборот хизмати