23 Сентябр 2025 йил 103

Давлатобод туман ИИБ бошлиғининг туман аҳолисига мурожаати

Ассалому алайкум хурматли туманимиз фуқаролари, азиз юртдошлар!

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари ва бевосита раҳбарлигида барча соҳалардаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди, бунга барчамиз кундалик ҳаётимизда гувоҳ бўлмоқдамиз.

Бу жарёнда халқимиз тинчлик ва осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашишда превентив чораларни амалга ошириш, жазо муқаррарлигини таъминлаш муҳим ва долзарб аҳамият касб этади.

Хокимлик, ҳуқуқни мухофаза қилиш ва ва мутасадди идоралар билан биргаликда, туманнинг ҳар бир кўчасида, маҳалласида, бозорида, истироҳат боғида, жамоат жойида хавфсиз муҳитни яратиш чоралари кўрилаяпти.

Азиз туманимиз фуқаролари!

Президентимизнинг 2025-йил 3-январдаги маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада оширишга қаратилган 1-сонли Қарорлари асосида жиноятларнинг сабабларини “маҳаллабай” ва “соҳабай” муҳокама қилиш тартиби, маҳаллаларни криминоген даражасида тоифалаш тизими, “маҳалла еттилиги” институти, “ижтимоий профилактика” тамойили асосида ҳуқуқбузарликларнинг самарали профилактикасини амалга ошириш орқали аҳолида хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қарорга мувофиқ ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликнинг эрта олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича янги механизм жорий этилди, туман прокуратурасида идоралараро мувофиқлаштирувчи штаб фаолияти йўлга қўйилди.

Қарор ижроси доирасида тумандаги жами 28 та маҳалланинг криминоген вазияти оғир 8 тасига масъул раҳбарлар номма-ном бириктирилди.

Чораклик манзилли чора — тадбирлар “Йўл хариталари” ишлаб чиқилди.

“Йўл хариталари” ижроси юзасидан жорий йилнинг ўтган даврида жами 1 273 та камера, 436 та домофон комплекслари ва 354 та “ташвиш тугмаси” ўрнатилиб, 2.100 дан ортиқ объект ва хонадонлар техник қўриқловга олинди.

Маҳаллаларда 41 та “намунавий хавфсиз кўчалар” ва 97 та “намунавий хавфсиз йўлаклар” ташкил этилиб, 270 та кўчага ёритиш чироқлари ўрнатилди.

Аҳоли ўртасида 985 та тарғибот тадбирлари ўтказилиб, фирибгарлик жиноятларини олдини олиш бўйича маҳаллаларда 225 та “пешлавҳа” ўрнатилди.

Маҳаллаларда фуқароларни огоҳликка чақирувчи “Ҳудуд камера назоратида!”, “Объект қўриқловда!” ҳамда “Хонадон қўриқловда!” каби 2.449 та стикер жойлаштирилди.

Амалга оширилган ишларимиз самарасини бериб, жамоат жойларида содир этилган жиноятлар 12,5  фоизга, кўча ва боғларда эса 4,5 фоизга камайган.

Бундан ташқари, вояга етмаганлар ўртасида ҳам ҳуқуқбузар-ликларни профилактика қилиш ҳамда назоратсизликни олдини олиш бўйича чоралар самарадорлиги оширилди.

Ўқувчиларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича 20 марта “раҳбар ва ёшлар учрашуви” ўтказилди.

Ҳамкор ташкилотлар билан 681 маротаба ўтказилган “Давомат”, “Ўқувчи” ва “Тиғ” тадбирларида 230 нафар мунтазам дарс қолдирувчи ўқувчилар аниқланиб, уларнинг барчаси дарс машғулотларига қайтарилиши таъминланди.

Оқибатда ёшлар жинояти 14,1 фоизга, вояга етмаганлар жинояти эса 26,7 фоизга камайтирдик.

Жорий йилнинг 18 август кунидаги жиноятчиликни барвақт олдини олиш борасидаги ПҚ — 253 - сонли қарори ижроси таъминланиб келинмоқда.

Қарор билан тасдиқланган концепция доирасида 3 йилдан буён криминоген вазияти оғир бўлган 4 та (Халқлар дўстлиги, Янги тонг, Элобод, Порлоқ) маҳаллага Прокуратура, Ички ишлар, Миллий гвардия ва таълим муассасаси масъул ходимлари номма – ном бириктирилиб, “йўл харита”лари  ишлаб чиқилди.

Шунингдек, ушбу 4 та маҳаллалар ҳудудига 105 та видеокузатув камералари ўрнатилиб, шундан 24 таси “Қалқон” тизимига, 81 таси “Ҳуқуқ тартибот масканлари” га интеграция қилинди, 55 та объект ва 265 та хонадонлар техник қўриқловга олинди ҳамда 41 та ташвиш тугмалари  ўрнатилди.

Туманда содир этилган жиноятларнинг кунлик таҳлил асосида сабаб ва омилларини аниқлаб, бу ҳақида туман ички ишлар бўлими бошлиғи билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳолига 40 дан зиёд “профилактик – огоҳлантирувчи мурожаат” лар ташкил қилинди.

Бунда, криминоген вазияти оғир маҳаллаларнинг жиноят ўчоқлари жойида ўрганилмоқда, мисол учун, жорий йил 8 ойида туман маҳаллаларида содир этилган 378 та жиноятлардан 228 та олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сабаблари таҳлил қилиниб, тегишли прокурор таъсир чоралари қўлланилди.

Қарор ижроси бўйича жорий йилда 52.125 та хонадонда хатлов ўтказилиб, 2.194 нафар шахсларга ижтимоий профилактика тартибида хулосалар берилди, уларнинг 1.204 таси эса ижобий ҳал этилди.

Бунинг натижасида, аёллар 16,5 фоизга, ишсизлар 3,8 фоизга, муқаддам судланганлар томонидан содир этилган жиноятлар 5,6 фоизга камайишига эришдик.

Оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилган жиноятларнинг барвақт олдини олиш юзасидан туманда оилавий маиший зўравонликка учраган 215 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилди.

Эндиликда, жиноятларнинг омил ва сабабларини ўрганишдан ташқари ўша ҳудудда  амалий  тадбирларни ҳам ўтказилди.

Энди эътиборингизни ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича дастлабки бажарилган ишлар ва таҳлилларнинг натижаларига қаратсам.

Биринчи, жиноятчиликка қарши курашиш фаолияти самарадорлигини оширишда соҳавий назорат кучайтирилди.

Иккинчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳам, аҳоли ҳам кўпроқ эътибор бериши лозим бўлган ҳамкорлик кучайтирилиши керак бўлган бир нечта жиноий омилларга диққат қаратмоқчиман.

Шиддат билан ривожланаётган юртимизда инсонлар кўпроқ пул топиш билан бирга, ноқонуний бойлик орттиришнинг янги йўлларини ҳам ўйлаб топмоқдалар.

Кейинги вақтларда фирибгарлик ва ўғрилик жинояти ошаётгани ҳам бунга яққол мисол бўлади.

Фирибгарлик ва ўғрилик жиноятлари аксарият ҳолларда ахборот технологиялари ва интернет ижтимоий тармоқлари орқали содир этилаётганлиги ташвишли ҳолдир.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари илгари дуч келмаган кибер макондаги жиноятлар салмоғи ортиши анчагина ташкилий чоралар кўришни тақозо этди.

Маълумот учун, тумандаги жиноятларнинг 33,6 фоизини ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни ташкил этмоқда.

Кибер маконда содир этилган жиноятларнинг 98 таси фирибгарлик ҳамда 91 таси ўғриликни ташкил қилган.

Сўнгги йилларда бу тоифадаги жиноятлар, бир неча бараварга кўпайди.

Шу сабабли, аҳолимиздан фирибгарлик қурбони бўлмаслик учун, интернет ижтимоий тармоқлари орқали келаётган турли ҳил фейк хабарлардан эҳтиёт бўлишларини ҳамда банк карталари ва ҳисоб рақамлари тўғрисидаги маълумотларни сир сақлашни сўраб қоламиз.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 8 ойида туман ҳудудида 378 та, шу жумладан маҳаллада олидини олиш мумкин бўлган 228 та жиноятлар содир этилган бўлиб, ушбу турдаги жиноятларни ортишига асосан ўғрилик (90 та), тан жароҳати етказиш (25 та) ва безорилик (20 та) жиноятлар сабабчи бўлган.

Шунга “ўз мулкимни ўзим асрайман” деган ҳар бир хонадон бўладими, тадбиркорми – асосий шиори бўлиб қолишини сўраймиз.

Азиз туманимиз фуқаролари!

Шу ўринда, криминоген вазиятга таъсир кўрсатувчи жиноятларнинг айрим турлари борасида ҳам гапирмоқчиман.

Айтиш керакки, туманда вояга етмаганлар 26,7 фоизга, ёшлар 14,1 фоизга, аёллар 12,5 фоизга, ишсизлар 50 фоизга, муқаддам судланганлар 5,6 фоизга, жиноятини камайтиришга эришган бўлсак-да, маст ҳолда 28,6 фоиз жиноятлари барқарорлигича қолган.

Хусусан, оила ва турмушда содир этилган ҳуқуқбузарликларга оилавий-маиший муаммолар асосий сабаб бўлганлиги аниқланди.

Шу сабабли нотинч, ажрим ёқасидаги оилаларнинг мавжуд муаммоларини бартараф этиш бўйича бошқа идоралар ва кенг жамоатчиликни жалб қилдик.

Натижада, ўтказилган ўрганишларда криминоген вазияти оғир маҳаллаларда 3,915 та ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизлар аниқланиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича 3,321 та чоралар кўрилди.

Булардан ташқари, 4,525 нафар ишсизлардан 3,172 нафари ишга жойлаштирилди, 785 нафари касбга ўқитилди, 578 нафари эса, касбга йўналтирилди.

Ушбу жараёндан муқаддам судланган ва маъмурий назоратдаги шахслар ҳам четда қолмади.

Уларнинг 5 нафари касб-ҳунарга йўналтирилди, 22 нафарининг бандлиги таъминланди, 18 нафарининг ижтимоий муаммолари ҳал этилди.

Ёшлар ўртасидаги жиноятчилик масаласига умуммиллат иши деб ёндашиб, барча биргаликда жон куйдириши керак.

Фақат жиноят учун жазони таъминлаш билан овора бўлиб, жиноятларнинг сабаб ва омилларини кўздан қочирсак оқибати ёмон бўлади.

Шу каби, вояга етмаганлар жиноятига фавқулодда ҳолат сифатида қаралиб, уларга таълим ва тарбияни беришда мажбуриятларини бажармаган ота-она ҳамда яшаш ва ўқиш жойларидаги (маҳалла еттилиги) мутасаддиларининг жавобгарлиги кучайтирилди.

Ҳокимлик ва маҳалла фаоллари билан биргаликда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда боқувчисини йўқотган болаларнинг 14 та муаммоси ҳал қилинди.

Мактабгача ва мактаб таълим муассасаларининг кириш-чиқиш жойларига хавфсизликни таъминловчи 31 та замонавий камералар ўрнатилди.

Ҳурматли фуқаролар!

Жуда кўп масалаларда иш услубларимиз ўзгариши зарур, бунинг устида ишлаяпмиз. Президентимиз талаб қилаётган,  жиноятларнинг оқибатлари эмас, уларнинг сабабларини, ҳуқуқбузаликларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф қилишни устувор вазифа деб халқ билан биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.

Бунинг учун, ҳар бир маҳалла, хонадонгача тушиб, ҳуқуқбузарлик омилларини аниқлашга эътиборимизни кучайтирамиз, жиноят содир этган ва бунга мойиллиги бор фуқаролар билан учрашувлар ўтказиб, “фуқаробай” иш тизимини жорий қиламиз.

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятга сабаб бўлаётган оилавий, ижтимоий, моддий ва психологик муаммоларни ҳал қилишга, ҳар бир фуқарода “жиноятчиликка қарши иммунитет”ни болаликдан шакллантиришга алоҳида эътибор қаратамиз.

Азиз ҳамюртлар!

Жиноятларга қарши курашда ички ишлар органлари, кўмак ва ҳамкорликда жиноятларнинг ҳар қандай кўринишига чек қўйишга кафолат беради.

Шундай экан аҳоли ва кенг жамоатчиликни жиноятларни олдини олишга ҳамда уларни бартараф этишга фаол ҳамкорликка  чақирамиз.

Зеро, содир этилаётган жиноятларни фош этилиши ва олди олинишида халқимиздан масъулият, ташаббускорлик ҳамда дахлдорлик ҳисси билан ёндошишни сўрайман.

Шуни яна бир бор алоҳида қайд этаманки, жиноятнинг ҳар қандай кўринишига тезкор равишда муносабат билдиришга, жиноятга қўл урганларга нисбатан жазонинг муқаррар таъминланишига кафолат бераман.

Барчамиз  жиноятдан ҳоли янги Ўзбекистон учун бирлашайлик !!!

Давлатобод туман ИИБ бошлиғи О.А.Хужакулов

Text to speech