Cyber-Week комплекс тарғибот-ташвиқот тадбирлари | Кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди
Унда Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов, Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Эргашев, Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик марказининг масъул ходими Лочинбек Атоев ҳамда ОАВ вакиллари, корхона ташкилотларнинг ахборот хизматлари, журналист ва блогерлар иштирок этишди.
Таъкидланганидек, ахборот технологиялари ривожланиб боргани сари, ундан ғараз мақсадда фойдаланувчилар ҳам ортиб бормоқда.
Наманган вилоятида кибержиноятларни олдини олиш ҳамда аҳолини кибер оламдаги таҳдидлардан иммунитетини ошириш мақсадида 2023 йилнинг 3–9 июль кунлари Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази, вилоятдаги манфаатдор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиш белгиланди.
Тадбирлар давомида инновацион тарғибот усулларидан фойдаланган ҳолда вилоятдаги барча ишчи-хизматчилар, ёшлар билан ҳамкорликда 2 mln.dan ортиқ аҳолини қамраб олиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, тарғибот тадбирларини самарадорлигини ошириш учун аҳолининг турли қатлами ўртасида 7 турдаги танловлар ўтказилиб, фуқароларни янада қизиқтирган ҳолда тадбирлар ўтказилиши белгиланган.
Тарғибот тадбирлари ҳақида Киберхавфсизлик марказининг «@Cyber_102» расмий саҳифалари орқали маълумотлар олиш мумкин.
Анжуман якунида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати