Чортоқ тумани ИИБ ходимларининг тунги хизмат фаолияти ўрганилди
Ҳудудларда жиноятчиликни барвақт олдини олиш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ҳамда жамоат тартибини таъминлаш борасида ички ишлар органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида, Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан мунтазам равишда ўрганишлар ўтказилиб, хизматни такомиллаштириш бўйича ташкилий-услубий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Хусусан, Чортоқ туманида ўтказилган навбатдаги ўрганишлар давомида ички ишлар бўлими ходимларининг тунги хизмат фаолияти, шунингдек, ижтимоий соҳа объектларининг хавфсизлик ҳолати атрофлича кўриб чиқилди.
Дастлаб «Наманган», «Бағрикенглик», «Байналмилал», «Янгиобод» ва «Ўрикзор» маҳаллаларига хизмат кўрсатувчи 1-сон “Ҳуқуқ-тартибот маскани” ҳамда «Мустақиллик» маҳалласи ва туман марказида хизмат олиб бораётган ходимлар билан йўриқнома ўтказилди. Унда тунги вақтларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли осойишталигини сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида туман аҳолиси ва ижтимоий соҳа объектларининг ҳолати ўрганилди. Шу доирада Чортоқ туман газ таъминоти бўлими мутахассислари билан суҳбатлашилиб, зарурий техник воситалар ва эҳтиёт қисмлар кўздан кечирилди. Жорий мавсумни беталофат ўтказиш, аҳолига табиий ва суюлтирилган газни узлуксиз етказиб бериш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, Чортоқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи «Наманган» канали атрофида тунги вақтларда амалга оширилаётган хавфсизлик чора-тадбирлари ҳам кўздан кечирилди. Мазкур ҳудудга тунги хизматга жалб этилган наряд билан ҳам йўриқнома ўтказилиб, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва хавфсизликни таъминлашга доир кўрсатма-топшириқлар берилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати