Чортоқ туман прокурорининг туман аҳолисига мурожаати
Қадрли юртдошлар, туманимиз меҳмонлари!
Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчиликларида барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу ислоҳотлар инсон ва унинг қадрини улуғлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ҳалқимизни тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Азиз Чортоқликлар!
Халқимиз билан биргаликда барча соҳаларда қонунийликни таъминлаш, жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Ислоҳотларнинг туб замирида ҳуқуқ тартиботни мустаҳкамлаш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки бошқа идоралар ва кенг жамоатчиликнинг умуммиллий иши ва вазифасига айланди.
Туманимизда жиноятларнинг олдини олиш ва криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш борасида кучайтирилган иш тартиби жорий этилиб, барча куч-воситалар жиноятларнинг оқибатлари билан эмас, балки уларни келтириб чиқараётган сабаб - омилларни аниқлаб, бартараф этишга сафарбар этилди.
Бунинг натижаси ўлароқ, туманимизнинг ҳар бир кўчаси, маҳалласи, бозорлари, истироҳат боғлари ҳамда бошқа жамоат жойларида хавфсиз муҳитни яратиш бўйича барча чоралар кўрилмоқда.
Қадрли юртдошлар!
Белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, биз ўз олдимизга жиноятчиликни барвақт аниқлаш, уларни содир этилишига замин яратаётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш орқали жиноятчиликни жиловлашни мақсад қилганмиз.
Ҳар бир маҳалла ва хонадонгача тушиб, ҳуқуқбузарликлар омилларини аниқлашга эътиборимизни кучайтириб бормоқдамиз.
Жиноят содир этган ва унга мойиллиги бўлган фуқаролар билан бевосита учрашувлар ўтказиб, улар билан самарали профилактик ишларни олиб борилишини йўлга қўйганмиз.
Қарор ижроси доирасида тумандаги жами 55 та маҳалланинг криминоген вазияти оғир 5 тасига масъул раҳбарлар номма - ном бириктирилган эди.
Шунингдек, туман ва барча маҳаллаларнинг чораклик манзилли “йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилган.
Жорий йилнинг ўтган даврида жами 570 та камера, 171 та домофон комплекслари ва 30 та “ташвиш тугмаси” ўрнатилиб, 604 та объект техник қўриқловга олинди.
Маҳаллаларда 78 та “намунавий хавфсиз кўчалар” ва 170 та “намунавий хавфсиз йўлаклар” ташкил этилиб, 335 та кўчага ёритиш чироқлари ўрнатилди.
Қарорга асосан ҳудудларда криминоген вазият ҳамда жиноятчиликни олдини олиш бўйича кунлик сўров ва ўрганишларни йўлга қўйдик.
Бундан ташқари, туманда жиноятчиликни олдини олиш, коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш бўйича вилоят прокурори фармойиши билан 55 та маҳаллаларга ходимлар бириктирилди.
Эндиликда, бириктирилган ходимларимиз жиноятларнинг омил ва сабабларини ўрганишдан ташқари ўша ҳудудда амалий тадбирларни ҳам ўтказмоқдалар.
Биз эндиликда муаммонинг туб негизигача етиб бориб, ҳар бир фуқарода “жиноятчиликка қарши иммунитет”ни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
Амалий ишлар натижасида жорий йил 7 ойида олдини олиш лозим бўлган жиноятлар бир мунча камайишига эришилди.
Бироқ, ишсизлар (4-8) томонидан содир этилган жиноятлар бирмунча ошиб кетди.
Шунингдек, бугунги глобаллашув жараёнида ҳуқуқбузарлар ноқонуний бойлик орттиришнинг янги йўлларини ҳам ўйлаб топмоқдалар.
Айниқса, рақамли иқтисодиёт кенг жорий этилаётганлиги натижасида фирибгарлик ва ўғрилик жиноятининг янги - янги турлари пайдо бўлмоқда ва уларнинг аксарияти ахборот технологиялари ҳамда интернет ижтимоий тармоқлари орқали содир этилмоқда.
Бугунги ривожланаётган замонда жиноятларнинг янги тури сифатида кириб келган кибер жиноятларнинг салмоғи кундан – кунга ортиши бунга қарши жиддий ташкилий чоралар кўришни тақозо этмоқда.
Фирибгарлик ҳамда ўғирлик қурбони бўлмаслик учун авваламбор, огоҳ бўлиш, интенрет ижтимоий тармқоларидаги ҳар хил провакацияларга учмаслик, шубҳали маълумотларни очмаслик, бегона шахслар билан шахсий маълумотлар ҳақида гаплашмаслик, шунингдек пул, автомашина, уй-жой олди-берди, мулк ўтказиш, ишга ва ўқишга киритиш, кредит олиш ва бошқа масалаларни ҳал этишда амалдаги қонун талабларига риоя қилиш мақсадга мувофиқдир.
Шуни ҳам қайд этиб ўтиш лозимки, оила ва турмушда содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга оилавий-маиший муаммолар асосий сабаб бўлаётганлиги ҳам айни ҳақиқат.
Шу сабабли нотинч, ажрим ёқасидаги оилаларнинг мавжуд муаммоларини бартараф этиш бўйича бошқа идоралар ва кенг жамоатчиликни жалб қилдик.
Айниқса, ёшлар ўртасидаги жиноятчилик масаласига умуммиллат иши деб ёндашиб, ҳар биримиз биргаликда жон куйдиришимиз лозим.
Зеро, давлатимиз келажаги айнан шу ёшларнинг қўлида!
Шу каби, вояга етмаганлар жиноятига фавқулодда ҳолат сифатида қаралиб, уларга таълим ва тарбияни беришда мажбуриятларини бажармаган ота-оналар ҳамда яшаш ва ўқиш жойларидаги (маҳалла еттилиги) мутасаддиларнинг жавобгарлиги кучайтирилди.
Ҳурматли фуқаролар!
Жиноятларнинг оқибатлари эмас, уларнинг сабабларини, ҳуқуқбузаликларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф қилишни устувор вазифа деб халқ билан биргаликда ҳаракат қилишимиз лозим.
Ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга сабаб бўлаётган оилавий, ижтимоий, моддий ва психологик муаммоларни ҳал қилишга, ҳар бир фуқарода “жиноятчиликка қарши иммунитет”ни болаликдан шакллантиришга алоҳида эътибор қаратамиз.
Шундай экан, аҳоли ва кенг жамоатчиликни туманимизда жиноятларни олдини олишга ҳамда уларни бартараф этишга фаол ҳамкорликка, жиноятчиликка қарши муросасиз курашишга, доимо огоҳ бўлишга чақираман.
Зеро огоҳлик – давр талабидир!
Эътиборингиз учун раҳмат!
Чортоқ туман прокурори З.Бойзоқов