"Билимлар куни" муносабати билан Наманган шаҳридаги мактабларда тантанали тадбирлар бўлиб ўтди
Бугун, билим ва маърифат байрами саналган 2 сентябрь – “Билимлар куни” муносабати билан мамлакатимизнинг барча умумтаълим мактабларида байрамона кайфият ҳукм суриб, ўқувчилар, ота-оналар ва устозлар қалбида қувончли онларни уйғотди. Ушбу қутлуғ сана ёшларимизни илм-фан сари чорлайдиган, уларга янги марралар сари ишонч бағишлайдиган муҳим кун сифатида кенг кўламда ва кўтаринки руҳда нишонланди.
Бугун Наманган вилояти ИИБ бошлиғи 1 синф ўқувчиларини табриклаш ҳамда уларга Президент совғаларини топшириш мақсадида Наманган шаҳридаги 34-сонли мактабда ўтказилган тантанали тадбирда иштирок этди.
Дастлаб, сана муносабати билан мактаб ҳовлисида байрам дастури ташкил этилди. Рамзий “Биринчи қўнғироқ” жаранг сочиб, болажонлар куй-қўшиқлар ижро этдилар, шеърлар ўқиб бердилар ва саҳна кўринишлари намойиш этилди. Тадбирда бошқарма бошлиғи сўзга чиқиб, ўқитувчиларга янги ўқув йилида омад ва зафарлар ёр бўлишини тилади ҳамда ўқувчилар орасидан спорт ва фан олимпиадаларининг муносиб ғолиблари етишиб чиқишига ишонч билдирди.
Тадбир якунида синфхоналар шароити билан яқиндан танишилди, биринчи синфга қабул қилинган ўқувчилар билан самимий суҳбат ташкил этилди ва уларга Президент совғалари топширилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати