2 Март 2022 йил 618

Барча ҳаракат - фуқароларнинг хавфсизлиги учун!

Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан йўлларда хавфсизликни таъминлаш, пиёдалар ва ҳайдовчиларни ҳаракат маданиятига ўргатиш, намунали ҳаракат иштирокчилари сонини ошириш ва шу орқали ЙТҲларни олдини олиш мақсадида ҳар куни ҳудудларда учрашув ва тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Хусусан, Наманган шаҳри, Норин, Чуст, Мингбулоқ, Уйчи туманларида ўтказилган тадбирларда ҳам ходимлар томонидан ҳайдовчиларга белгиланган тартибда четга чиқмаслик, ўзи ва ўзгалар ҳаётига бефарқ бўлмаслик, ҳаракат давомида бошқа ҳаракат иштирокчиларини ҳурмат қилиш ва тартибли ҳаракатни йўлга қўйиш борасида тушунтириш ишлари олиб борилди.

МФЙ фаоллари ҳам жалб этилган учрашувларда уларга ўз ҳудудларидаги автомашинага эга бўлган фуқаролар билан лозим бўлса уйма-уй юриб ҳаракат хавфсизлигини тарғиб этиш, автоҳалокатларни олдини олишдаги тарғиботларда фаол иштирок этишга чақирилди.

Бундан ташқари “Қамчиқ” довонидан ҳаракатланувчи ҳайдовчилар билан ҳам суҳбат ўтказилиб, унда ҳушёр ҳолда ҳаракатланиш, ҳаракат вақтида чарчоқни ҳис қилганда дарҳол автомашинани тўхтатиб мизғиб олиш, техник носоз бўлган транспорт воситасини бошқармаслик юзасидан йўриқномалар берилди.

Шунингдек, ЙПХ инспекторларидан ташкил топган махсус гуруҳлар томонидан шаҳар ва туман ҳудудларининг автомобил қатнов йўли бўйида жойлашган мактабларда болаларнинг йўлларда хавфсиз ўтишлари учун ҳар куни эрта тонгдан хизмат йўлга қўйилган.

Жойларда автоҳалокатларни олдини олишга қаратилган рейд ва тарғибот тадбирлари давом этмоқда.

 

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech