Аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашдаги ҳамкорлик самарали натижа кафолатидир.
Юртимизда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар органлари ҳамда жамоатчилик вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга.
Бу борадаги ишлар Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан алоҳида назоратга олиниб, “маҳаллабай” ва “фуқаробай” ишлаш тизими ҳам самарали йўлга қўйилган.
Хусусан жорий йилнинг 31 июль куни Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари ташаббуси билан Наманган вилояти ИИБ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасида Наманган шаҳри ҳудудида тунги хизматга жалб этилган ИИО шахсий таркиби, барча МФЙ раислари ҳамда бошқа ҳамкор ташкилот ва идоралар вакиллари иштирокида йўриқнома ўтказилди.
Унда шаҳар ҳудудида куч-воситаларни тўғри тақсимлаш, жиноятчилик ҳолати оғир маҳаллаларда назоратни янада кучайтириш орқали содир этилаётган жиноятларга қарши курашиш, айниқса, тунги вақтларда уюшмаган ёшлар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг барвақт олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Бунда, маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари томонидан ёшларни қонунга итоаткорлик ҳамда Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда ўзларининг кўп йиллик ижобий тажрибаларидан фойдаланган ҳолда ички ишлар органларига елкадош бўлишлари ҳақида алоҳида тўхтатилиб ўтилди.
Шу билан бирга, ички ишлар органлари ходимлари томонидан хизмат вақтида фуқаролар билан хушмуомалада бўлиш, қонунчилик ва хизмат интизомига қатъий риоя қилиш лозимлиги таъкидланди.
Бу тажрибани вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам татбиқ этиш орқали фуқароларимизни эртанги кунга бўлган ишончини ошириш ва уларни рози қилиш асосий мақсадимиз эканлиги яна бир бор эслатиб ўтилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати