25 Октябр 2023 йил 1524

Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Ш.Х.Алиевнинг “25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни” байрами муносабати билан соҳа ходимлари ва фахрийларига йўллаган байрам табриги

Ҳурматли Ички ишлар органлари ходимлари!

Қадрли фахрийлар!

Аввало, Сиз азизларни 25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни байрами билан самимий табриклайман.

Ўзининг ҳаётини фуқаролар тинчлиги ва осойишталиги йўлига фидо қилиб, ҳуқуқ ва эркинликни ишончли ҳимоя қилиш, жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашдек шарафли ва масъулиятли ишга бағишлаб келаётган мард ва жасур ходимлар, азиз фахрийларимиз ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамкасбларимизнинг оила аъзоларини самимий табриклаб, барча эзгу тилаклар амалга ошишини тилайман.

Ўтган давр мобайнида барча соҳалар каби, ички ишлар органларида ҳам тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, халқ манфаатларига хизмат қиладиган, замонавий моддий техник воситалар билан таъминланган, юксак билим ва профессионал кўникмаларга эга ватанпарвар кадрларни ўзида жамлаган, энг асосийси, мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг кафолати бўла оладиган янги тизим яратилди.

Ҳурматли Президентимиз ички ишлар органлари ходимларининг касб байрами муносабати билан йўллаган табрикларида, тизим фаолиятига юксак баҳо бериб, Янги Ўзбекистон шароитида “Барча ислоҳот ва ўзгаришлар – инсон қадрини юксалтириш учун” деган эзгу тамойилга содиқ қолган ҳолда, шу йўлда бошлаган ишларимизни янги босқичга кўтариб, бу борада ўтган даврда жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида яратилган мустаҳкам ҳуқуқий базага таянамиз – дея таъкидлаганлар.

Шу боис бугун, олдимизга қўйилган вазифаларни юксак даражада бажаришимиз учун ҳар бир ички ишлар органи ходими фидойилик, ватанпарварлик билан бор куч ва ғайратини сафарбар этиши лозим.

Қадрли ҳамкасблар, азиз фахрийлар!

Фурсатдан фойдаланиб, Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам ва барқарор ривожланишида қўшаётган ҳиссангизда муваффақиятлар тилайман.

Юртимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашдек масъулиятли ва шарафли хизматларингизда зафарлар ёр бўлсин.

Ҳамиша юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!


Шухрат Алиев, полковник

Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи


Text to speech