30 Октябр 2024 йил 6534

“25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни” муносабати билан Наманган вилояти ИИБдаги рақамли «Жасорат» музейининг очилиш маросими тантанали равишда ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2023 йил 20 январдаги ПҚ-10-сон қарорига мувофиқ Ички ишлар органларида кадрлар салоҳияти даражасини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлари “Йўл харитаси”нинг 8-банди ва Ички ишлар вазирлигининг 2023 йил 7--апрель кунидаги 178-сон “Ички ишлар органларида музейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида Наманган вилояти Ички ишлар бошқармасининг «Жасорат» музейи ташкил этилди.

Тантанали равишда ўтказилган мазкур тадбирда Бошқарма раҳбарияти, шаҳар-туман ИИБ ходимлари, шаҳар-туманлардан 150 нафардан ортиқ фахрийлар, академик лицей ўқитувчи ва ўқувчилари ҳамда бошқа соҳага дахлдор ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Тадбир давомида полковник Шухрат Алиев «Жасорат» музейининг очилиш маросими муносабати билан ходимлар ва фахрийларни самимий табриклаб, ушбу музейни янгича замонавий қиёфада ва рақамли технологиялар асосида ташкил этилганлиги, музейга нафақат ходимлар ва фахрийлар, фуқаролар ва мактаб ўқувчилар ташриф буюриши мумкинлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Маълумот учун бу музейда Наманган вилоятида Ички ишлар органларини ташкил этилишидан, бугунга қадар бўлган фаолияти ёритилган бўлиб, улар ҳақидаги маълумотларни замон талабларига мос равишда рақамли технологиялар асосида, яъни ҚР код орқали 3 тилдаги (ўзбек, рус ва инглиз) аудиоёзув орқали маълумот берилиши диққатга сазовордир.

Шу билан бирга музейда алоҳида замонавий ва қулай «Видеозал» ташкил этилган бўлиб, унда ташриф буюрувчилар Наманган вилояти ИИБ ва унинг қуйи тизимларининг тарихи, ҳозирги кундаги фаолияти ва бошқа соҳага дахлдор видеолавҳалар ҳамда ҳужжатли кўрсатувлар билан танишиш имконига эга бўладилар.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech