12 Май 2025 йил 414

Тўрақўрғон туман прокурорининг туман аҳолисига мурожаати

 Ассалому алайкум ҳурматли туманимиз фуқаролари, азиз юртдошлар!

 

Президентимизнинг жорий йил 3 январдаги «2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» ПҚ–1-сон қарори маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш бўйича мутлақо янгича ишлаш тизими бўлди.

Барча даражадаги раҳбарларга «Ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш» устувор вазифа этиб белгиланди.

Маҳалла – туман даражасида «йўл харита»лар ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.

Қарор талабларидан келиб чиқиб, 2024 йилда криминоген вазияти оғир деб топилган ва қизил ҳудуд бўлган 8 та маҳаллаларга манзилли чора-тадбирларини белгилаган ҳолда маҳалла–туман–туман даражасидаги ҳоким, прокурор, солиқ, Миллий гвардия, Ички ишлар (8-нафар)  масъул раҳбарлар бириктирилиб, соҳавий жавобгарлиги юклатилди.

Ижтимоий профилактика йўналиши бўйича:

Таъкидлаш жоизки сўнги йилларда маҳаллаларда жиноятчиликни барвақт олдини олиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш масаласига алоҳида этибор қаратилмоқда.

Маҳаллаларда мавжуд муаммоларнинг жойида манзилли ҳал этилиши учун ижтимоий профилактика тизими йўлга қўйилди.

Хусусан, Тўрақўрғон туманида профилактика инспекторлари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган 1 278 нафар шахсларга хулосалар берилиб, мавжуд муаммоларини маҳалла еттилиги томонидан ҳал этилиши таъминланмоқда.

Бугунги кунда ижтимоий профилактик тадбирлари амалга оширилиши ўзининг ижобий натижасини бериб, жиноят содир этилишини олдини олишга самарали хизмат қилмоқда.

Туманимиздаги  67  та маҳаллалардан 47 тасида жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмади, 17 та маҳаллалар сариқ, 3 та маҳаллалар қизил тоифага киритилди.

 

Ҳурматли юртдошлар,

 

Жиноятларнинг энг кўп содир этилаётган турлари, унинг келиб чиқиш сабаб ва омилларига тўҳталиб ўтсам.

Ўғирлик жинояти бўйича:

Жорий йилда туман ҳудудида 19 та ўғирлик жиноятлари қайд этилди.

Мазкур жиноятлар,

-6 таси хонадонларда,

-4 таси савдо ёки ҳизмат кўрсатиш объектларида,

-1 таси ҳайвон ўғирлиги,

-1 таси киссавурлик,

-3 таси автомашиналарда,

-1 таси телефон ўғирликлари,

-3 таси бошқа турдаги ўғирликларни ташкил қилган.

Бундан кўринмоқдаки, ўғирлик жиноятини келиб чиқишига ўзимиз ҳам бефарқ эканлигимиз, шахсий мулкларимизга эҳтиёт бўлмаслигимиз оқибатида жиноятчиларга шароит яратиб берилаётганлиги яыыол номоён бўлмоқда.

Энди, ўзимизга бир савол берайлик, жиноятга ўзимиз ҳам шароит яратиб бермаяпмизми мулохазаларимизга яна бир мисол?

Транспорт воситасини олиб қочиш бўйича:

Жорий йилда туманда 1 та транспорт воситасини олиб қочиш жиноятлари содир этилган.

Жиноятларнинг 1 таси автомашиналарни очиқ ҳолатда ва калити ўзида қолдирганлиги оқибатида юзага келган.

Фирибгарлик жинояти бўйича:

Жорий йилда туман ҳудудида 5 та фирибгарлик жиноятлари қайд этилди.

Ушбу жиноятлар фуқаролар осон ва тез даромад топишга интилишлари, уй — жой, автомашина ва бошқа мулкларини олди-сотдисида хуқуқий ҳужжатларсиз муносабатларга киришишлари оқибатида содир этилмоқда.

Юқоридаги ҳолатлардан кўринмоқдаги, фуқарола-римизнинг ўзлари била туриб фирибгарлик қурбонига айланмоқдалар.

Ўтказилган «Тиғ» тадбирлар жараёнида 37 та ҳолатларда фуқаролар тиғли жисмларни ёнларида олиб юрганликлари аниқланиб, тегишли тартибда чоралар кўрилган.

Шу ўринда, совуқ қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган ашёларни жамоат жойларида очиқ ҳолда олиб юриш, Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси (1852) моддаларида тақиқланган.

Гиёҳвандлик бўйича

Муҳим йўналишлардан бири гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашишдир.

Туманда ҳамкор ташкилотлари билан биргаликда гиёҳвандлик иллатига қарши курашиш ва уни ёшлар орасида кенг тарқалишини олдини олиш бўйича бир қатор тадбирларни амалга оширмоқдамиз.

Олиб борилган тадбирлар натижасида 11 та жиноий ҳолатлар аниқланиб, 430 грам.дан ортиқ гиёҳвандлик моддаларнинг ноқонуний муомиласига чек қўйилди.

Мазкур ҳолатлар бўйича 11 нафар шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.

Аниқланган гиёҳвандлик моддалар муомилага чиққанида 2.700 нафардан ортиқ фуқаролар заҳарланиши мумкин эди.

Албатта бир нарсани унутмаслигимиз керак, талаб бўлмаса таклиф ҳам бўлмайди.

Барчамиз бунга масъул бўлиб, жамиятимизда гиёҳвандлик вабосини олдини олиш билан шуғулланмасак, келажак авлод тақдирига бефарқ бўлган бўламиз.

Бу иллатга қарши барчамиз биргаликда курашимиз шарт ва лозим деб ҳисоблайман.

Кибер жинояти бўйича:

Бугунги ривожланган даврда Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятлар (яъни кибержиноятлар) кескин ортиб бормоқда.

Бу турдаги жиноятларнинг ўзига хос томони шундаки, жиноятни содир этаётган шахс учун чегара ва масофа тўсқинлик қилмайди, жиноятчи қисқа фурсатда ўнлаб, ҳатто юзлаб фуқароларни жабрланувчига айлантиради.

Жорий йилда бу йўналишдаги жиноятлар умумий содир этилган жиноятларнинг 29,2 фоизини (28 та) ташкил этмоқда.

Мазкур жиноятларнинг 86 фоизи (24 таси) пластик карталардан маблағларини ўғирлик ҳолатда ва 10.6 фоизи (3 таси) фирибгарлик йўли билан талон- торож қилган.

3.6 фоизи (1 таси) Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш орқали содир этилган.

Ачинарлиси, аксарият ҳолатларда фуқароларнинг ўзлари жиноятчиларга осонгина алданиб қолиб, пластик карта кодини оддий ҳолда айтиб қўйиш орқали маблағларни топширишмоқда.

Шу ўринда, айрим фуқароларимиз, ижтимоий тармоқлар орқали тез ва қисқа фурсатда бойиш илинжида бўлаётганликлари ҳам ташвишли ҳолдир.

Бунинг оқибатида ўзлари жиноят қурбонига айланмоқдалар.

Ҳурматли фуқаролар, пластик карта рақамини жиноятчининг алдовига кириб ошкор қилишингиз, ишонувчанлигингиз, тезроқ бойлик орттиришга бўлган қизиқишингиз бу турдаги жиноятларнинг салмоғини кескин ортиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Шу боисдан ушбу жиноятларни олдини олишда,

-биринчидан, пластик карта рақамларини ошкор қилмаслик,

-иккинчидан, телефон орқали алоқага чиққан ҳар қандай шахснинг сўзига ишонмаслик лозим бўлади.

Йўл-транспорт ҳодисалари бўйича:

Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Туман ҳудудида ўтган йўллар узунлиги 1.121 км. бўлиб, шундан 105 км. маҳаллий аҳамиятга эга, 107 км. давлат аҳамиятга эга ва 909 км. ички хўжалик йўлларини ташкил этади.

Йўлларда 10 та тезликни ўлчайдиган радар ва 5 та қоида бузарликларни аниқлайдиган фото ва видео қайд этиш камераси ўрнатилган.

Жорий йилда 15 та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилиб, уларнинг барчаси тан-жароҳати билан якунланган.

Йўл-транспорт ҳодисалари 1,6 фоизга ёки (14/15 -1 та) кўпайган бўлсада, лекин болалар билан боғлиқ   ҳолатлар тенг холатда (3/3 та) сақланиб қолган.

Айрим ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмасликлари, менсимасдан транспорт воситаларини бошқаришлари, айрим ҳолларда эса ота-оналарнинг ўзлари вояга етмаган фарзандларига транспорт воситасини бошқаришларига имкон бераётганликлари оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларини келтириб чиқармоқда.

Энг ачинарлиси, айрим фуқаролар моддий манфаат эвазига вояга етмаган мактаб ўқувчиларига ўзларининг транспорт воситаларини бошқариш учун ижарага беришлари оқибатида мудҳиш ҳодисалар келиб чиқмоқда.

 

Юқоридаги ҳолатларни олдини олиш борасида ЙҲХБ тизими ҳодимлари томонидан профилактик тадбирлар кенг олиб борилиши таъминланмоқда.

Вояга етмаганлар бўйича:

Бугунги кунда, тумандаги

-60 та мактабларда 44.488 нафар,

-4 та техникумларда 2.668 нафар,

-2 та лицейларда 695 нафар жами 47.851 нафар ўқувчилар таълим олмоқдалар.

Вояга етмаганларни баркамол инсон бўлиб тарбияланишлари, давлатимиз сиёсатининг энг мухим устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Таълим муассалари билан ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга оширилди.

Лекин, олиб борилаётган ишлар самарадорлиги етарли даражада бўлмаганлиги боис, вояга етмаганлар томонидан жиноятлар содир этилишига йўл қўйиб келинмоқда.

Жумладан:

3 ой мобайнида вояга етмаганлар томонидан жинояти (3/2 -1 та) камайган бўлсада,

Аксарият ўқувчилар ўзлари билан бирга тиғли жисмларни олиб юришни одат қилиб олганлар.

Ўтказилган тадбирлар давомида ўқувчилардан 10 дона ўткир тиғли буюмлар олинган.

Ўқувчиларни назорат қилинмаслиги оқибатида дарс машғулотларига қатнашмаслик ҳолатларига йўл қўйиб келинаётганлиги «Давомат» тадбирларида маълум бўлган.

 

Ҳурматли туманимиз фуқаролари,

 

Ҳурматли Президентимизнинг 2025 йил 18 март кунги «Ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-110-сон қарорлари қабул қилинди.

Мазкур қарор билан таълим муассасаларида ўқувчилар билан «Мактаб – маҳалла – оила» тамойили асосида ишлаш тизими жорий этилди,

ўқувчилар ўртасида қонунбузилиш ва бошқа кўринишдаги ҳулқ оғишларига қарши иммунитетни шакллантириш, психологик ишлаш механизмларини йўлга қўйиш, ўқувчиларда Ватанга садоқат ҳиссини шакллантириш, мактабларда доимий равишда давоматни текшириш, ўқувчиларни касбга йўналтириш каби вазифалар юклатилди.

 

Азиз туманимиз аҳли,

 

Вояга етмаган фарзандларимизнинг маънавий- маърифий савиясини ошириш, билим олишлари учун муносиб шароит яратиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масалаларини биргаликда амалга ошириб, манзилли ишларни ташкил этсак, олдимизга қўйган мақсадимизга эришамиз.

Ёшлар бўйича:

Хабарингиз бор, ўтган давр мобайнида Президентимиз томонларидан доимий равишда ёшларга катта эътибор қаратилиб, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда барчамизнинг олдимизга катта масъулиятни юкламоқдалар.

Бугунги кунда туманимиз аҳолисининг 24 фоизи ёки
59.418 нафарини ёшлар ташкил қилади.

Жорий йилда ёшлар томонидан 9 та жиноятлар содир этилган.

Ушбу жиноятларнинг 1 нафари олий ўқув юртлар талабаларини ташкил этиши ҳам ташвишли ҳолдир.

Ёшлар томонидан,

-1 та товламачилик,

-3 та ўғирлик,

-5 та йўл транспорт ҳодисаси жиноятларга қўл урганлар.

Ёшлар, келажак пойдевори тушунчаси билан қараб, уларнинг эзгу ният ва орзуларини рўёбга чиқаришга барчамиз масъул эканлигмизни унутмаслигимиз зарур.

Аёллар жинояти бўйича:

3 ой мобайнида хотин-қизлар томонидан (6/6) тенг холатда жиноятлар содир этилган.

Содир этилган 6 та жиноятларда 6 нафар аёллар иштирок этган. Улар томонидан

-1 та ўғирлик,

-1 та йўл транспорт ходисаси,

-4 та қўшмачилик, ҳам ташвишлидир.

Тазйиқ ва зўравонлик:

Сўнги йилларда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, гендер тенглигини таъминлаш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Албатта, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида асосий масъулиятни ички ишлар органлар ўз зиммасига олган.

Бугунги кунда туманда тазйиқ ва зўравонликка учраган 109 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордери берилиб, назоратга олинди.

Тазйиқ ва зўравонликлар,

-98 та оилада,

-3 та кўчаларда,

-8 та бошқа жойларда содир этилган.

Тазйиқ ва зўравонлик натижасида оилавий (маиший) зўравонлик жинояти содир этилмаган.

Булар шуни англатадики, айрим оилаларда ҳали ҳам маънавий руҳий муҳит носоғломлигича қолмоқда.

Шуни инобатга олиб, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда низоли оилаларни яна бир бор ўрганиб чиқиб, уларнинг муаммоларини манзилли ҳал этиш чораларини кўришимиз лозим бўлади.

Бунда албатта, маҳалла масъуллари билан биргаликда маҳаллалардаги нуроний отахон ва онахонлар оила-қадрияти тушунчасини барча ёшларга сингдириш борасида муҳим роль ўйнашлари керак.

 

Азиз туманимиз фуқаролари,

 

Тўрақўрғон тумани худудида барчамиз жиноят содир этилгандан кейин эмас, уни аввалдан олдини олишга алоҳида эътибор қаратайлик.

Бугунги кунда туманимиздаги барча маҳаллаларда профилактика инспекторлари бевосита маҳалла еттилиги билан биргаликда куну-тун хизмат олиб бормоқдалар.

Туман ҳудудида жиноятчиликка қарши курашиш, жиноятларни барвақт олдини олиш масаласи фақатгина давлат идораларининг вазифаси эмас, балки бутун жамиятнинг вазифаси деб қараб, бу масалаларга эътиборлик бўлсак, туман ҳудудида жамоат хафсизлиги ишончли таъминланиб, маҳаллаларда ҳавфсиз муҳит яратилади, бу билан олдимизга қўйилган мақсадга эришамиз, халқимиз биздан рози бўлади.

 

Тўрақўрғон туман прокурори А.Юсупов

Text to speech