Расмий муносабат. Ижтимоий тармоқларда ““Наманган ички ишлари мени қўлимда, қайерга борсанг боравер!” – Наманганда машина “фирибгар”лари” изоҳи билан тарқалган хабар юзасидан Наманган вилояти ИИБнинг расмий муносабати.
Тўпланган ҳужжатларга кўра, Наманган вилояти, Янги Наманган туманида яшовчи фуқаро Д.Ш. “Х” ва “Д” исмли танишлари билан биргаликда 2021 йил февраль ойида яшаш уйини олдида Наманган шаҳрида яшовчи таниши А.Х.га "Спарк" русумли автомашинасини 4000 АҚШ долларига сотиб, пулларини олиб, уни номига ўтказиб бера олмаганидан сўнг унга "Нексия-3" русумли автомашинани сотиб олишни, "Спарк" русумли автомашинасини қайтариб, устига пул беришини айтиб у билан 8200 АҚШ долларига келишиб, 3900 АҚШ доллари пулларини олиб, автомашинани ўтказиб бермаганлиги сабабли уни эгалари олиб кетганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, у фуқаро М.У.дан 2021 йил март ойида пулини кейинроқ бериш шарти билан 30 тонна цемент маҳсулотини 23.400.000 сўмга сотиб олиб, айтилган вақтда пулларни бермаганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан 23.09.2021 йилда Янги Наманган туман прокуратураси томонидан фуқаро Д.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши 01.10.2021 йил куни Наманган шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан иш юритувига олинган.
Дастлабки олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида Д.Ш. томонидан А.Х. ва М.У.ларга 301.0 млн сўм миқдорда моддий зарар етказилганлиги инобатга олиниб, 14.10.2021 йил куни жиноят иши бўйича гумон қилинувчи тариқасида жалб этилиб, ҳимоячи иштирокида ҳимоя ҳуқуқлари таъминланган ва ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.
Жиноят иши бўйича етказилган зарар гумонланувчи Д.Ш. яқинлари томонидан тўлиқ ИИБ МТБ ҳисоб рақамига тўлиқ ўтказиб берилганидан сўнг, 16.10.2021 йилда қамоққа олиш ҳақидаги эҳтиёт чораси гаров эҳтиёт чорасига алмаштирилган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича якунловчи тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати