16 Октябр 2025 йил 24

Норин туман прокурори ва ИИБ бошлиғининг туман аҳолисига мурожаати

Азиз юртдошлар, туманимиз меҳмонлари!

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари ва бевосита раҳбарлигида барча соҳаларда мисли кўрилмаган ислоҳотлар  амалга  оширилмоқда.  

Мамлакатимизда юз бераётган шиддатли ўзгаришларга, аҳолининг турмуш даражаси кескин ўсиб бораётганига ҳар биримиз  бирдек  гувоҳ ҳам бўлмоқдамиз.

Президентимиз ана шу янгиланиш, ўзгаришлар самарадор бўлишининг кафолати сифатида мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, бунинг учун жиноятчиликка қарши курашиш тизимини тубдан яхшилашни давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтардилар.

Зеро, бу ислоҳотларнинг самараси барча соҳаларда қонун талабларига сўзсиз риоя этишга, жиноятчилик каби иллатнинг   олдини олишга бевосита боғлиқдир.

Азиз Норин аҳли!

Ўзбек ватандошимизми, чет эллик тадбиркор, сармоядор бўладими, барча - барча, Ўзбекистонимизда тинч ва осуда, муносиб  ҳаёт шароитлари билан таминланган, унинг ҳаёти ҳар қандай жиноий тажовуз ва таҳдидлардан кафолатли ҳимояланган бўлиши шарт.

Қонун устуворлигини таъминламасдан, бу вазифага эришиб бўлмайди.

“Янги Ўзбекистон”да ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш ана шундай умуммиллий долзарб вазифага айлантирилди.

Норин туманидаги криминоген вазият бизнес муҳитига катта тасир кўрсатади, унинг ўзига хос, алоҳида ёндашув талаб этадиган хусусиятлари бор.

Туманимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилаяпти.

Бу ишларимиз кундалик ҳаётда ҳам кўринаяпти, жиноятлар учун жазо муқаррарлигини таминлаш вазифаси қанчалик муҳим бўлса, уларни келтириб чиқараётган сабаб ва омилларини бартараф қилиш ҳам бирдек муҳимдир.

Шу боис, туманнинг ҳар бир кўчасида, маҳалласида, бозорида, истироҳат боғида, жамоат жойида хавфсиз муҳитни яратиш чоралари кўрилаяпти.

Азиз ватандошлар!

Биз жиноятчиликни жиловлашдек катта мақсадларни ўз олдимизга қўйганмиз.

Президентимизнинг 2025 йил 3 январдаги маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада оширишга қаратилган 1 - сонли қарорлари асосида жиноятларнинг сабабларини «маҳаллабай» ва «соҳабай» муҳокама қилиш тартиби, маҳаллаларни криминоген даражасида тоифалаш тизими, “маҳалла еттилиги” институти, “ижтимоий профилактика” тамойили асосида ҳуқуқбузарликларнинг самарали профилактикасини амалга ошириш орқали аҳолида хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида қатор чора -тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қарорга мувофиқ ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликнинг эрта олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича янги механизм жорий этилди, вилоят прокурори раҳбарлигида вилоят ва туман - шаҳар прокуратураларида идоралараро мувофиқлаштирувчи  штаб  фаолияти  йўлга  қўйилди.

Қарор ижроси доирасида тумандаги жами 54 та маҳалланинг криминоген вазияти оғир, 9 тасига масъул раҳбарлар номма-ном бириктирилган. Барча маҳаллаларнинг чораклик манзилли чора-тадбирли йўл хариталари  ишлаб чиқилди.

–маҳаллалардаги аҳоли гавжум жой ва кўчаларга 300 та видеокузатув камералари ўрнатилди.

–кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларига 9 та ПТЗ–камералари ўрнатилди.

–маҳаллаларнинг асосий кириш–чиқиш жойларига 90 та юзни ва авторақам таниб олувчи камералар ўрнатилди.

–савдо марказлар ва бозорларга юзни ва авторақамларни таниб олувчи 25 та камералар ўрнатилди.

–мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг кириш–чиқиш жойларига 61 та ПТЗ–камералар ўрнатилди.

–мактаблардаги очиқ спорт майдонларига 30 та ПТЗ– камералар ўрнатилди.

–кўп қаватли уйларнинг эшикларига 83 та домофон комплекслари ўрнатилди.

–кўп қаватли ҳамда якка тартибдаги хонадонлардан 670 таси техник қўриқловга олинди.

–кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари олдига 21 та ташвиш тугмалари ўрнатилди.

–савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектларидан 83 таси Қўриқлаш хизматининг техник қўриқловига олинди.

–маҳаллаларда 73 та “намунавий хавфсиз кўча”лар ташкил этилди.

–маҳаллаларда 180 та “намунавий хавфсиз йўлак”лар ташкил этилди.

Маҳаллаларда фуқароларни огоҳликка чақирувчи “Ҳудуд камера назоратида!”, “Объект қўриқловда!” ҳамда “Хонадон қўриқловда!” каби жами 2000 дан ортиқ стикерлар жойлаштирилди, ички йўллар ва кўчалар 600 тадан ортиқ ёритиш воситалари билан таъминланди.

Албатта бу натижа беряпти.

Мисол учун, 2024 йилда жиноят салмоғи юқори бўлганлиги учун «қизил» тоифага киритилган Бобур, Бўзўлмас, Дўстлик, Катта Яйдоқ, Ўзбекистон, Нурзиё, Пастки Чўжа, Шўрариқ маҳаллаларидаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг асл омилларини Жамоат хавфсизлиги университети масъул ходимлари томонидан илмий ёндашган ҳолда илмий хулоса ва тавсиялар берилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида ушбу маҳаллаларнинг “маҳалла еттилиги” мазкур илмий хулосалар ва тавсиялар асосида иш олиб борди.

Шунингдек, маҳаллаларнинг барча кўчаларининг кириш ва чиқиш қисми, жавоат жойларига замоеавий русумдаги кузатув камералари ўрнатилиб, “Ҳавфсиз шахар” ягона интеграциялашган тизимига уланди.

Бунинг натижасида, Бўзўлмас маҳалласидан ташқари барча маҳаллалар жорий йилнинг 9 ой якунига кўра «қизил» тоифадан чиқишига эришилди.

Давлат раҳбарининг Қарорига асосан ҳудудларда криминоген вазият ҳамда жиноятчиликни олдини олиш бўйича кунлик сўров ва ўрганишларни йўлга қўйдик.

Бунда, криминоген вазияти оғир маҳаллаларнинг жиноят ўчоқлари жойида ўрганилмоқда, мисол учун, туман маҳаллаларида содир этилган 60 та олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сабаблари таҳлил қилиниб, тегишли прокурор таъсир чоралари қўлланилди.

Эътибор беришингизни истардим. Бу ишлар бир кунлик ёки бир марталик ҳисобот учун қилинаётган ишлар эмас.

Ҳудудларда содир этилган жиноятлар хусусиятини инобатга олган ҳолда, 4 - чорак учун йўл хариталарни ҳам ишлаб чиқилди.

Туманда жиноятчиликни олдини олиш, коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш бўйича кучайтирилган иш тартибини  жорий  этдик.

Бу борада фармойиш қабул қилиб, барча тезкор ходим-лар 54  та  маҳаллаларга  номма – ном  бириктирдик.

Ҳар бир соҳага доир тарғибот ишлари бўйича услубий қўлланмалар  ишлаб  чиқдик  ва  тарқатдик.

Эндиликда, бириктирилган ходимларимиз жиноятларнинг омил ва сабабларини ўрганишдан ташқари ўша ҳудудда  амалий  тадбирларни  ҳам  ўтказади.

Биз эндиликда муаммонинг туб негизигача етиб бориб, “маҳалла  прокурори”  деган  ёндашув  билан  ишлаймиз.

Энди эътиборингизни ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича дастлабки бажарилган ишлар ва  таҳлилларнинг натижаларига қаратсам. 

Биринчи, жиноятчиликка қарши курашиш фаолияти самарадорлигини оширишда соҳавий назорат кучайтирилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида 20 та ўрганишлар ўтказилиб, 350 нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Бу ишлар мунтазам давом этади.

Иккинчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳам, аҳоли ҳам кўпроқ эътибор бериши лозим  бўлган ҳамкорлик кучайтирилиши керак бўлган бир нечта жиноий омилларга диққат  қаратмоқчиман.

Шиддат билан ривожланаётган юртимизда инсонлар кўпроқ пул топиш билан бирга, ноқонуний бойлик орттиришнинг янги йўлларини  ҳам  ўйлаб  топмоқдалар.

Кейинги вақтларда фирибгарлик ва ўғрилик жинояти ошаётгани  ҳам  бунга  яққол  мисол  бўлади.

Фирибгарлик ва ўғрилик жиноятлари аксарият ҳолларда ахборот технологиялари ва интернет ижтимоий тармоқлари орқали содир этилаётганлиги ташвишли ҳолдир.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари илгари дуч келмаган кибер макондаги жиноятлар салмоғи ортиши анчагина ташкилий чоралар кўришни тақозо этди.

Маълумот учун, тумандаги жиноятларнинг 45 фоизини ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни ташкил этмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг ўтган даврида биргина пластик карталардан пул маблағларини ечиб олиш ҳолатлари юзасидан 159 та жиноят иши қўзғатилди.

Оқибатда эса фуқароларга 850 млн. сўмга яқин зарар етказилгани  аниқланди.

Кибер маконда содир этилган жиноятларнинг 84 таси фирибгарлик ҳамда 75 таси ўғриликни ташкил қилган.

Сўнгги йилларда бу тоифадаги жиноятлар, бир неча бараварга кўпайди.

Илгари бундай жиноятларга қарши ишлайдиган тизим бўлмаган. Шу сабабли, аҳолимиздан фирибгарлик қурбони бўлмаслик учун, интернет ижтимоий тармоқлари орқали келаётган турли хил фейк хабарлардан эҳтиёт бўлишларини ҳамда банк карталари ва ҳисоб рақамлари тўғрисидаги маълумотларни сир сақлашни сўраб қоламиз.

 Азиз тумандошлар!

Шу ўринда, криминоген вазиятга таъсир кўрсатувчи жиноятларнинг айрим турлари борасида ҳам гапирмоқчиман.

Айтиш керакки, йилнинг дастлабки 9 ойи давомида, маст холда (11-10), муқаддам судланганлар (7-3) ва аёллар (5-1), ёшлар (39-27), вояга етмаганлар (4-2) жиноятини камайтиришга эришилган.

Хусусан, оила ва турмушда содир этилган ҳуқуқбузарликларга оилавий - маиший муаммолар асосий сабаб бўлганлиги аниқланди.

Шу сабабли нотинч, ажрим ёқасидаги оилаларнинг мавжуд муаммоларини бартараф этиш бўйича бошқа идоралар ва кенг жамоатчиликни жалб қилдик.

Натижада, ўтказилган ўрганишларда криминоген вазияти оғир маҳаллаларда 723 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизлар аниқланиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича 685 та чоралар кўрилди.

Булардан ташқари, 1.565 нафардан ортиқ ижтимоий химояга муҳтож хотин-қизлардан 532 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 442 нафари касбга ўқитилди, 587 нафари эса, касбга йўналтирилди

Ушбу жараёндан муқаддам судланган ва маъмурий назоратдаги шахслар ҳам четда қолмади.

Уларнинг 8 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 85 нафарининг бандлиги таъминланди, 32 нафарининг ижтимоий муаммолари ҳал этилди.

Ёшлар ўртасидаги жиноятчилик масаласига умуммиллат иши деб ёндашиб, барча биргаликда жон куйдириши керак.

Фақат жиноят учун жазони таъминлаш билан овора бўлиб, жиноятларнинг сабаб ва омилларини кўздан қочирсак оқибати ёмон бўлади.

Шу каби, вояга етмаганлар жиноятига фавқулодда ҳолат сифатида қаралиб, уларга таълим ва тарбияни беришда мажбуриятларини бажармаган ота-она ҳамда яшаш ва ўқиш жойларидаги (маҳалла еттилиги) мутасаддиларининг жавобгарлиги кучайтирилди.

Таълим муассасалари ва жамоат жойларида масъуллар профилактик (давомат, тиғ ва рейд) тадбирларида узоқ муддатга кетган 44 нафар болалар, мунтазам дарс қолдирувчи 7 нафар, тарбияси оғир 46 нафар ўқувчилар аниқланди. Уларнинг аксарияти мактабларга қайтарилди.

Қолаверса, ҳокимлик ва маҳалла фаоллари билан биргаликда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда боқувчисини йўқотган болаларнинг 42 та муаммоси ҳал қилинди.

Мактабгача ва мактаб таълим муассасаларининг кириш -чиқиш жойларига хавфсизликни таъминловчи 61 та замонавий камералар ўрнатилди.

Таҳдидлардан яна биттаси, бу йўл вояга етмаганлар иштирокида содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларидир.

Бу йўналиш билан боғлиқ жиноятларни биз кенгроқ таҳлил  қилдик.

Рақамларга қарасак, 2025 йил 9 ойи давомида 9 та ҳолатда вояга етмаганлар билан боғлиқ йўл -транспорт ҳодисалари содир этилган.

Умуман олганда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ўтган жорий йилнинг ўзида вояга етмаганларнинг 3 нафари эса оғир тан жароҳати  олган.

Шунинг учун биз бу борада кенгқамровли тадбирларни белгилаб олдик.

Ҳурматли ота-оналар!

Юқоридагилардан келиб чиқиб, азиз фарзандларингизни мажруҳ ва ногирон бўлиб қолмасликлари учун аввало уларнинг тарбияси ва таълим олишига алоҳида эътибор қаратишингиздан умидвормиз.

Ҳурматли фуқаролар!

Коррупцияга қарши курашни кучайтириш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Зеро, сир эмас коррупция ҳар бир соҳанинг ривожига тўсиқ бўлмоқда. 

Шу сабабли, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш йўлида қатъий муросасиз кайфиятни шакллантириш, унга қарши курашишда мен бутун Норин ахлидан ўз ҳиссангизни қўшишга чақираман.

Барча ташкилотлар бўйича таҳлиллар ўтказилаяпти, мана шу март ойининг ўзида юқори идораларга, ҳукуматга, аҳолига хизмат кўрсатиш, идораларнинг бошқарув тартибини яхшилаш билан боглиқ 5 та таклифлар ишлаб чиқилди.

Ҳурматли фуқаролар!

Жуда кўп масалаларда иш услубларимиз ўзгариши зарур, бунинг устида ишлаяпмиз. Президентимиз талаб қилаётган,  жиноятларнинг оқибатлари эмас, уларнинг сабабларини, ҳуқуқбузаликларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф  қилишни устувор вазифа деб халқ билан биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.

Бунинг учун, ҳар бир маҳалла, хонадонгача тушиб, ҳуқуқбузарлик омилларини аниқлашга эътиборимизни кучайтирамиз, жиноят содир этган ва бунга мойиллиги бор фуқаролар билан учрашувлар ўтказиб, «фуқаробай» иш тизимини жорий қиламиз.

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятга сабаб бўлаётган оилавий, ижтимоий, моддий ва психологик муаммоларни ҳал қилишга, ҳар бир фуқарода “жиноятчиликка қарши иммунитет”ни болаликдан шакллантиришга алоҳида эътибор қаратамиз.

Азиз ҳамюртлар!

Жиноятларга қарши курашда прокуратура органлари, кўмак ва ҳамкорликда жиноятларнинг ҳар қандай кўринишига чек қўйишга  кафолат  беради.

Шундай экан аҳоли ва кенг жамоатчиликни жиноятларни олдини олишга ҳамда уларни бартараф этишга фаол ҳамкорликка чақирамиз.

Зеро, содир этилаётган жиноятларни фош этилиши ва олди  олинишида халқимиздан масъулият, ташаббускорлик ҳамда  дахлдорлик  ҳисси  билан  ёндошишни  сўрайман.

Шуни яна бир бор алоҳида қайд этаманки, жиноятнинг ҳар қандай кўринишига тезкор равишда муносабат билдиришга, жиноятга қўл урганларга нисбатан жазонинг муқаррар таъминланишига шахсан   кафолат бераман.

Барчамиз  жиноятдан  ҳоли  янги  Ўзбекистон  учун  бирлашайлик!!!

Эътиборингиз учун раҳмат!

Норин туман прокурори А.Турғунов ИИБ бошлиғи Д.Каримов

Text to speech