5 Июн 2025 йил 402

Янги Наманган туман прокурори ва туман ИИБ бошлиғининг туман аҳолисига мурожаати

Азиз юртдошлар, туманимиз меҳмонлари!

 

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари ва бевосита раҳбарлигида барча соҳаларда мисли кўрилмаган ислоҳотлар  амалга  оширилмоқда.

Мамлакатимизда юз бераётган шиддатли ўзгаришларга, аҳолининг турмуш даражаси кескин ўсиб бораётганига ҳар биримиз бирдек гувоҳ ҳам бўлмоқдамиз.

Президентимиз ана шу янгиланиш, ўзгаришлар самарадор бўлишининг кафолати сифатида мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, бунинг учун жиноятчиликка қарши курашиш тизимини тубдан яхшилашни давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтардилар.

Зеро, бу ислоҳотларнинг самараси барча соҳаларда қонун талабларига сўзсиз риоя этишга, жиноятчилик каби иллатнинг олдини олишга бевосита боғлиқдир.

 

Азиз Наманган туман аҳли!

 

“Янги Ўзбекистон”да ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш ана шундай умуммиллий долзарб вазифага айлантирилди.

Наманган туманидаги криминоген вазият бизнес муҳитига катта таьсир кўрсатади, унинг ўзига хос, алоҳида ёндашув талаб этадиган хусусиятлари бор.

Туманимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилаяпти.

Бу ишларимиз кундалик ҳаётда ҳам кўринаяпти, жиноятлар учун жазо муқаррарлигини таьминлаш вазифаси қанчалик муҳим бўлса, уларни келтириб чиқараётган сабаб ва омилларини бартараф қилиш ҳам бирдек муҳимдир.

Шу боис, туманнинг ҳар бир кўчасида, маҳалласида, бозорида, истироҳат боғида, жамоат жойида хавфсиз муҳитни яратиш чоралари кўрилаяпти.

 

Қадрли юртдошлар !

 

Биз жиноятчиликни жиловлашдек катта мақсадларни ўз олдимизга қўйганмиз.

2025 йил 3-январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1-сон Қарори асосида жиноятларнинг сабабларини “маҳаллабай” ва “соҳабай” муҳокама қилиш тартиби, маҳаллаларни криминоген даражасида тоифалаш тизими, “маҳалла еттилиги” институти, “ижтимоий профилактика” тамойили асосида ҳуқуқбузарликларнинг самарали профилактикасини амалга ошириш орқали аҳолида хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қарорга мувофиқ ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликнинг эрта олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича янги механизм жорий этилди, менинг раҳбарлигимда туман прокуратурасида идоралараро мувофиқлаштирувчи штаб фаолияти йўлга қўйилди.

Қарор ижроси доирасида тумандаги жами 53 та маҳалланинг криминоген вазияти оғир 6 тасига масъул раҳбарлар номма-ном бириктирилган.

Барча туман ва маҳаллаларнинг чораклик манзилли чора-тадбирлар “йўл хариталари” ишлаб чиқилди.

“Йўл хариталари” ижроси юзасидан йил бошидан маҳаллалардаги аҳоли гавжум жойларга 700 та, кўп қаватли уйларнинг ҳовлисига 3600 градус айланувчи 25 та, маҳаллаларнинг асосий кириш - чиқиш жойларига 50 та, бозор ва савдо марказларига юзни ва автомобиль рақамини таниб олувчи 23 та, жами бўлиб 800 га яқин камералар, кўп қаватли уйларнинг эшикларига 150 дан ортиқ домофонлар, уйларнинг кириш йўлакларига 100 дан ортиқ ташвиш тугмалари ўрнатилди, 120 та савдо муассасалари ва қарийб 900  та  хонадонлар  тезкор  қўриқловга  олинди.

Маҳаллаларда фуқароларни огоҳликка чақирувчи “Ҳудуд камера назоратида!”, “Объект қўриқловда!” ҳамда “Хонадон қўриқловда!” каби жами 2000 га яқин стикерлар жойлаштирилди, маҳаллаларда 40 та “намунавий хавфсиз кўча” ҳамда 200 та “намунавий хавфсиз йўлак” ташкил этилди, ички йўллар ва кўчалар 1.500 та ёритиш воситалари билан таъминланди.

Мисол учун, йил бошидан бери туманда ўрнатилган камералар ёрдамида қидирувда бўлган 10 нафар, жазодан бўйин товлаб келаётган пробация ҳисобидаги 3 нафар шахслар ҳамда олиб қочилган 1 та транспорт воситалари ушланди. Шунингдек, бедарак йўқолган 10 нафар шахслар топилиб, 30 та жиноятлар “иссиқ изи”дан фош этилди.

Амалга оширилган чора - тадбирлар натижасида “қизил” тоифада қолган 6 та маҳаллаларнинг 4 тасида ёки 67 фоизида криминоген вазият сақланмоқда.

Қарорга асосан ҳудудларда криминоген вазият ҳамда жиноятчиликни олдини олиш бўйича кунлик сўров ва ўрганишларни йўлга қўйдик.

Бунда, криминоген вазияти оғир маҳаллаларнинг жиноят ўчоқлари жойида ўрганилмоқда, мисол учун, туман маҳаллаларида содир этилган 46 та олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сабаблари таҳлил қилиниб, тегишли прокурор таъсир чоралари қўлланилди.

Ҳудудларда содир этилган жиноятлар хусусиятини инобатга олган ҳолда,
2-чорак учун йўл хариталарни ҳам ишлаб чиқилди.

Туманда жиноятчиликни олдини олиш, коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш бўйича кучайтирилган иш тартибини жорий этдик.

Бу борада вилоят прокурори фармойиши қабул қилиб, барча тезкор ходимлар 53 та маҳаллаларга номма-ном бириктирилди.

Ҳар бир соҳага доир тарғибот ишлари бўйича услубий қўлланмалар ишлаб чиқилиб, тарқатилди.

Эндиликда, бириктирилган ходимларимиз жиноятларнинг омил ва сабабларини ўрганишдан ташқари ўша ҳудудда амалий тадбирларни ҳам ўтказади.

Биз эндиликда муаммонинг туб негизигача етиб бориб, “маҳалла  прокурори”  деган ёндашув билан ишлаймиз.

Энди эътиборингизни ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича дастлабки бажарилган ишлар ва таҳлилларнинг натижаларига қаратсам.

Биринчи, жиноятчиликка қарши курашиш фаолияти самарадорлигини оширишда соҳавий назорат кучайтирилди.

Жорий йилнинг ўтган 5 ойида 20 та ўрганишлар

ўтказилиб, 600 га яқин прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, 200 нафардан ортиқ шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Бу ишлар мунтазам давом этади. Бу ишлар мунтазам давом этади.

Иккинчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳам, аҳоли ҳам кўпроқ эътибор бериши лозим  бўлган ҳамкорлик кучайтирилиши керак бўлган бир нечта жиноий омилларга диққат қаратмоқчиман.

Шиддат билан ривожланаётган юртимизда инсонлар кўпроқ пул топиш билан бирга, ноқонуний бойлик орттиришнинг янги йўлларини ҳам ўйлаб топмоқдалар.

Кейинги вақтларда фирибгарлик ва ўғрилик жинояти ошаётгани ҳам бунга яққол мисол бўлади.

Фирибгарлик ва ўғрилик жиноятлари аксарият ҳолларда ахборот технологиялари ва интернет ижтимоий тармоқлари орқали содир этилаётганлиги ташвишли ҳолдир.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари илгари дуч келмаган кибер макондаги жиноятлар салмоғи ортиши анчагина ташкилий чоралар кўришни тақозо этди.

Маълумот учун, тумандаги жиноятларнинг 33 фоизини ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни ташкил этмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг ўтган даврида биргина пластик карталардан пул маблағларини ечиб олиш ҳолатлари юзасидан 93 та жиноят иши қўзғатилди.

Кибер маконда содир этилган жиноятларнинг 56 таси ёки 60 фоизи фирибгарлик ҳамда 37 таси ёки 40 фоизи ўғриликни ташкил қилган.

Сўнгги йилларда бу тоифадаги жиноятлар, бир неча бараварга кўпайди.

Илгари бундай жиноятларга қарши ишлайдиган тизим бўлмаган. Шу сабабли, аҳолимиздан фирибгарлик қурбони бўлмаслик учун, интернет ижтимоий тармоқлари орқали келаётган турли хил фейк хабарлардан эҳтиёт бўлишларини ҳамда банк карталари ва ҳисоб рақамлари тўғрисидаги   маълумотларни сир сақлашни сўраб қоламиз.

 

Азиз тумандошлар!

 

Шу ўринда, криминоген вазиятга таъсир кўрсатувчи жиноятларнинг айрим турлари борасида ҳам гапирмоқчиман.

Айтиш керакки, йилнинг дастлабки 5 ойи якунига кўра, муқаддам судланганлар (4-7), вояга етмаганлар (3-4), маст ҳолда (0-4), ишсизлар (0-1), аёллар (3-8) жиноятини камайтиришга эришган бўлсак-да, ёшлар (29-21) жинояти жинояти эса бироз ошган.

Хусусан, оила ва турмушда содир этилган ҳуқуқбузарликларга оилавий-маиший муаммолар асосий сабаб бўлганлиги аниқланди.

Шу сабабли нотинч, ажрим ёқасидаги оилаларнинг мавжуд муаммоларини бартараф этиш бўйича бошқа идоралар ва кенг жамоатчиликни жалб қилдик.

Натижада, ўтказилган ўрганишларда криминоген вазияти оғир маҳаллаларда 300 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизлар аниқланиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича 250 тага яқин чоралар кўрилди.

Булардан ташқари, 456 нафар ишсизлардан 158 нафари ишга жойлаштирилди, 74 нафари касбга ўқитилди, 51 нафари эса, касбга йўналтирилди.

Ушбу жараёндан муқаддам судланган ва маъмурий назоратдаги шахслар ҳам четда қолмади. Уларнинг 10 нафари касб - ҳунарга ўқитилди, 25 нафарининг бандлиги таъминланди, 200 нафарининг ижтимоий муаммолари ҳал этилди.

келажак тақдири сифатида биргаликда жон куйдириши керак.

Фақат жиноят учун жазони таъминлаш билан овора бўлиб, жиноятларнинг сабаб ва омилларини кўздан қочирсак оқибати ёмон бўлади.

Шу каби, вояга етмаганлар жиноятига фавқулодда ҳолат сифатида қаралиб, уларга таълим ва тарбияни беришда мажбуриятларини бажармаган ота-она ҳамда яшаш ва ўқиш жойларидаги (маҳалла еттилиги) мутасаддиларининг жавобгарлиги кучайтирилди.

Таълим муассасалари ва жамоат жойларида масъуллар профилактик (давомат, тиғ ва рейд) тадбирларида узоқ муддатга кетган 48 нафар болалар, мунтазам дарс қолдирувчи 25 нафар, тарбияси оғир 300 нафарга яқин ўқувчилар аниқланди. Уларнинг 150 нафари мактабларга қайтарилди.

Қолаверса, ҳокимлик ва маҳалла фаоллари билан биргаликда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда боқувчисини йўқотган болаларнинг
350 нафарининг муаммоси ҳал қилинди.

Мактабгача ва мактаб таълим муассасаларининг кириш -чиқиш жойларига хавфсизликни таъминловчи 35 та замонавий камералар ўрнатилди.

Таҳдидлардан яна биттаси, бу йўл вояга етмаганлар иштирокида содир этилаётган жиноятлардир.

Улар томонидан битта бўлса ҳам жиноят содир этилиши келажагимиз учун таҳдид сифатида қарашимиз, муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтадиган бўлсак, фавқулодда ҳодиса сифатида қарашимиз зарур.

Шунинг учун биз бу борада кенгқамровли тадбирларни белгилаб олдик.

 

Ҳурматли фуқаролар!

 

Жуда кўп масалаларда иш услубларимиз ўзгариши зарур, бунинг устида ишлаяпмиз. Президентимиз талаб қилаётган, жиноятларнинг оқибатлари эмас, уларнинг сабабларини, ҳуқуқбузаликларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф қилишни устувор вазифа деб халқ билан биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.

Бунинг учун, ҳар бир маҳалла, хонадонгача тушиб, ҳуқуқбузарлик омилларини аниқлашга эътиборимизни кучайтирамиз, жиноят содир этган ва бунга мойиллиги бор фуқаролар билан учрашувлар ўтказиб, “фуқаробай” иш тизимини жорий қиламиз.

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятга сабаб бўлаётган оилавий, ижтимоий, моддий ва психологик муаммоларни ҳал қилишга, ҳар бир фуқарода “жиноятчиликка қарши иммунитет”ни болаликдан шакллантиришга алоҳида эътибор қаратамиз.

 

Азиз ҳамюртлар!

 

Жиноятларга қарши курашда прокуратура органлари, кўмак ва ҳамкорликда жиноятларнинг ҳар қандай кўринишига чек қўйишга кафолат беради.

Шундай экан аҳоли ва кенг жамоатчиликни жиноятларни олдини олишга ҳамда уларни бартараф этишга фаол ҳамкорликка чақирамиз.

Шуни яна бир бор алоҳида қайд этаманки, жиноятнинг ҳар қандай кўринишига тезкор равишда муносабат билдиришга, жиноятга қўл урганларга нисбатан жазонинг муқаррар таъминланишига шахсан кафолат бераман.


Эътиборингиз учун раҳмат!


Янги Наманган туман прокурори Ҳ.Исоқов ва туман ИИБ бошлиғи М.Собиржонов

Text to speech