ИИВ Тиббиёт бошқармасининг Наманган шаҳридаги госпиталининг 3 қаватли даволаш биноси тўлиқ капитал таъмирланиб фойдаланишга топширилди.
25 октябрь Ички ишлар органлари ходимлари куни арафасида, инфратузилмаларни яхшилаш, янги биноларни қуриб битказиш ва тўлиқ таъмирланган масканларни фойдаланишга топшириш анъанага айланган. Фарғона водийсида ягона бўлган ИИВ Тиббиёт бошқармасининг Наманган шаҳридаги госпиталининг 3 қаватли даволаш биноси ҳам байрам арафасида тўлиқ капитал таъмирланиб фойдаланишга топширилди. Бинонинг очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абруразаков иштирок этиб, бу маскан Наманганнинг фахри эканлиги, унга келиб даволанаётган Республикамизнинг барча вилоятларидаги Ички ишлар органлари ходимлари ҳамда фахрийлари учун қулай шароит яратиш вилоят ҳокимлиги учун ҳам муҳим аҳамиятга эга вазифа эканлигини таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг ИИВ Тиббиёт бошқармаси бошлиғи госпитальнинг янги биносининг замонавий имкониятлари ҳақида тўхталиб ўтди.
Муассасада даволанаётган фахрийлар сўзга чиқиб яратилган шароитлар учун миннатдорчилик билдиришди. Таъмирлаш ишлари олиб борган қурилиши ташкилотига эсдалик совғалари топширилгандан сўнг рамзий алвон ленталар кесилиб, меҳмонлар ичкарига таклиф этилди. Мутахассислар томонидан янги бинонинг имкониятлари даволаш жараёнида қўлланиладиган замонавий усуллар ҳақида маълумот берилди. Таъкидлаш жоизки бинонинг 12 350 кв/м ички қисми тўлиқ капитал таъмирлашдан чиқарилди, ёритиш чироқлари ўрнатилиб эшиклар замонавийсига алмаштирилди. Капитал таъмирлашдан олдин 80 ўрин эга бўлган жой ҳозирда, 100 ўринга айлантирилди. Бу ерда нафақат ички ишлар органлари балки тармоқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ҳам даволаниш имкониятига эга. Очилиш маросимдан сўнг Республикадаги барча Ички ишлар бошқармаларининг тиббиёт бўлимлари вакиллари иштирокида илмий амалий конференция ташкил этилди.
Ўзаро тажриба алмашиш имкониятини берган илмий амалий конференцияда замонавий тиббиётдаги муҳим жиҳатлар, тикланиш ва даволанишнинг ўзига хос йўналишлари борасида маърузачиларнинг фикрлари тингланди. Бир сўз билан айтганда ИИВ Тиббиёт бошқармасининг Наманган шаридаги госпитали хар томонлама янги имкониятларни ўзида мужассамлаштирди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати