7 Март 2023 йил 1001

Наманган вилояти ИИБ бошлиғи полковник Алиев Шухрат Хасановичнинг “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан байрам табриги

Қадрли опа-сингиллар!

Латофатли, дилбар қизлар!

Ушбу қутлуғ сана – “Халқаро хотин-қизлар куни” байрами муносабати билан сафимизда бўлган барча аёл ходималарни ва фахрийларимизни самимий табриклайман.

Ҳеч кимга сир эмас, аёл зоти ҳақида, унинг қандай тенгсиз латофат ва нафосат соҳибаси, эзгулик ва фидойилик рамзи, хонадонларимизнинг файзу-фариштаси экани ҳақида тарихимизда улуғ мутафаккирлар, шоир ва алломалар қанча-қанча дил сўзларини баён этганлар.

Шу ўринда, бугун ўзининг фидокорона меҳнати, эришган улкан ютуқлари, давлат ва жамоат ишларидаги фаол иштироки, ибратли фазилатлари билан халқимизнинг ўртасида обрў-эътибор қозонган опа-сингилларимизнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз.

Баҳорнинг илк байрами муносабати билан Сиздек фидойи ва меҳрибон ҳамкасбларимизга шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Сиз ҳар жабҳада илғор, ташаббускор, оқила ва ибратлисиз.

Биз юртимиздаги ҳар бир аёл тимсолида аввало буюк Она сиймосини кўрамиз. Шу боис “Аввало онангизга ва яна бир бор онангизга яхшилик қилинг” деган муборак ҳадисга амал қилиб, мўътабар оналаримиз, қадрли опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишни инсоний бурчимиз деб биламиз.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишим жоизки, мамлакатимиз ижтимоий – сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида бўлгани каби ички ишлар органлари тизимида ҳам минглаб опа–сингилларимиз самарали меҳнат қилишмоқда.

Улар биз билан бир сафда эл – юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олишда чинакам жасорат намунасини кўрсатиб келмоқдалар.

Шу каби жасорат кўрсатиб, биз билан бир сафда хизмат қилаётган аёл ходималаримиздан 11 нафари Ички ишлар вазирининг буйруғи билан тақдирланди.

Шу билан бирга, куни кеча Самарқанд шаҳрида ўтказилган 2-Республика аёллар форумида иштирок этган вилоят ИИБ жамоасини фахрли биринчи ўринни эгаллагани, қолаверса, “Фаол аёл ходима” кўрик танловида Каримова Зохида учинчи ўринни, «Заковат» интеллектуал мусобақасида Гулноза Рахматуллаева, Лола Низамова, Мохинур Жўрабаева, Муштарийбегим Холмухаммедова, Азизахон Тўхтасиновалар фахрли биринчи ўринни, «Шахмат» мусобақасида Гулхаё Шокаримова биринчи ўринни эгаллагани чинакам аёл ходималаримизга бўлган ишончимиз, фахр ва ғуруримизни оширди.

Азиз ва муҳтарама нафосат соҳибалари!

Сизларни 8 март – “Халқаро хотин-қизлар куни” билан яна бир бор чин қалбимдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака, шу билан бирга юртимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш, жонажон ватанимиз тараққиёти ва нуфузини ошириш йўлида олиб бораётган машаққатли ва шарафли ишларингизга улкан зафарлар тилайман.

Менинг тилагим ва ниятим битта – оилангиз, фарзандларингиз эл-юртимиз бахтига ҳамиша соғ-омон бўлсин!

Доимо халқимиз, Ватанимизнинг юксак меҳри ва ардоғида бўлиш ҳаммангизга насиб этсин.

Умрингиз узоқ, бахтингиз зиёда ва байрамингиз муборак бўлсин!

Наманган вилояти ИИБ бошлиғи полковник Алиев Шухрат Хасанович

Text to speech