Наманган давлат университети талабалари билан “Ҳуқуқий тарғибот” учрашуви ўтказилди.
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди ҳамда Наманган давлат университети ҳамкорлигида ўтказилган учрашувда вилоят, шаҳар ва туман судлари раислари, ИИБ Пробация хизмати ходимлари, ўқитувчи ва талабалар иштирок этишди. Унда талаба-ёшлар ўртасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш мавзусида суҳбат олиб борилиб, бугунги кунда мамлакатимизда ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш, маънавий-маърифий ишларни тубдан такомиллаштириш, ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётгани тўғрисида маълумотлар берилди.
Ёшлар орасида содир бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни олдини олишда учрашувда ўтирган талаба қиз ва йигитларнинг ўрни муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланиб, маҳалладаги, ён-атрофдаги тенгдошларини ана шу иллатларга яқинлашмаслиги учун уларга маънавий кўмакчи бўлиш лозимлиги тушунтирилди.
Шунингдек, талабаларга ўқув жараёни давомида ўз салоҳиятини намоён қилиш, ўзини янада яхшироқ англаш, ўқиш ва ҳаётда тўғри қарор қабул қилиш ва танлашни ўргатиш, уларга ҳар бир қадам ва ҳаракатларининг оқибатларини англаш, ҳаётда ўз қизиқишларини топишга кўмак бериш мақсадида университет ҳамда ҳуқуқ тартибот идоралари ҳамкорлиги йўлга қўйилган бўлиб, ўқишдан бўш вақтида талабалар фойдали меҳнат ёки машғулот билан шуғулланишлари учун университетда барча шароитлар мавжуд.
Бироқ шунга қарамай, афсуски, талабалар орасида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бу эса талабаларни ҳуқуқбузарлик профилактикаси бўйича чора-тадбирлардан хабардорлигини кучайтириш, жиноятчилик, маъмурий, ҳуқуқбузарлик содир этишга белгиланган жавобгарлик шартлари, жазо турларини, қонун ҳужжатларини таништириш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, улар ўртасида турли салбий иллатлар ва ғоявий таҳдидларни олдини олиш ва асраб-авайлаш, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиши лозимлиги талаб қилаётганини англатади.
Учрашувда сўз олган Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти суди раиси ўринбосари, Жиноят ишлари бўйича Судлов ҳайъати раиси А.Мирзаевнинг қайд этишича, 2022 йил 15 сентябрь ҳолатига Олий таълим муассасалари талабаларига нисбатан кўрилган жиноят ишлари бўйича таҳлилий маълумотга кўра, Наманган вилоят жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан 2022 (2021) йил 8 ойи давомида 4132 (3201) нафар шахсга нисбатан 3037 (2458) та жиноят иши кўрилиб, 3268 (2436) нафар шахсга нисбатан 2242 (1743) та жиноят иши ҳукм чиқариш билан, 11 (10) нафар шахсга нисбатан 11 (8) та жиноят иши айбланувчига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси татбиқ этиш билан, 844 (752) нафар шахсга нисбатан 777 (705) та жиноят иши юритувдан тугатиш билан якунланган. Таҳлилларга кўра, мазкур давр давомида 54 та иш бўйича 59 нафар Олий таълим муассасалари талабалари томонидан содир этилган жиноят ишлари кўрилган бўлиб, шундан 46 нафар шахсга нисбатан 41 та иш бўйича айблов ҳукми чиқарилган, 13 нафар шахсга нисбатан 13 та жиноят иши тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилган.
Айблов ҳукми чиқарилган жиноят ишлари бўйича 42 нафар шахсга жазо тайинланган бўлиб, шундан 15 нафарига жарима, 9 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 7 нафарига мажбурий жамоат ишлари, 7 нафарига озодликни чеклаш, 4 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Жазо тайинланган шахсларнинг 19 нафарига ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, айбланган моддада назарда тутилган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ ёки шу моддада назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазо тайинланган. Таҳлилларга қараганда, 2 нафар шахсга нисбатан Маҳалла фуқаролари йиғини ва 1 нафар шахсга нисбатан Ёшлар иттифоқи кафиллиги қўлланилгани аниқланди. Жиноят содир этган шахсларнинг 23 нафари Наманган давлат университети, 7 нафари Наманган муҳандислик-қурилиш институти, 6 нафари Наманган муҳандислик-технология институти талабаси, шунингдек, 9 нафари хориж давлатларидаги олий таълим муассасаси, 14 нафари бошқа олий таълим муассасаси талабалари эканлиги таъкидлади.
Бундан ташқари, А.Мирзаев сўзида ёшларнинг назоратсизлиги, қаровсизлиги, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий ҳатти-ҳаракатлар содир этилишига имкон берадиган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳамда ёшларни турли хил жиноятчиликларга шерик бўлмасликлари ҳақида гапириб ўтиб, унинг ҳуқуқий оқибатларини қайд этди.
Бундан ташқари, коррупция билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш республикамизда давлат сиёсатининг устувор масаласи сифатида қаралаётгани, жамиятда бу иллатни батамом тугатиш учун фуқароларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, коррупцияга қарши кураш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи бўлиши лозимлиги, бу соҳадаги курашда талаба-ёшларнинг ўзи ҳам фаол бўлиши катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидланди.
Учрашув сўнггида талаба-ёшлар мавзулар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан тегишли жавоблар олдилар.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати