"Маҳаллабай ишлаш" (Квадрат) тизимига бириктирилган ходимлар МФЙ раисларига таништирилди.
Аввал хабар берганимиздек, Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 12 июльдаги “2022-2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда жорий йилнинг 16 январь куни Ички ишлар вазирлигининг “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини камайтириш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида” ги фармойишига кўра Республикамизнинг барча вилоятларида йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва қоидабузарликларга қарши курашиш бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизими жорий этилган эди.
Наманган вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ташаббуси билан бошқарма бошлиғи ва Наманган туман ҳокими томонидан тумандаги маҳалла раислари ва фаолларини жалб этган ҳолда “маҳаллабай” ишлаш тизими ва ушбу механизмни самарали ташкил этиш мавзусида йиғилиш ташкил этилди. Йиғилишда ушбу тизимнинг жорий этилиши маҳаллаларда содир бўлиши мумкин бўлган автоҳалокатлар ва автомашина билан боғлиқ жиноятларни барвақт олдини олишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Шунингдек, “Квадрат”ларга бириктирилган ходимлар йиғилганларга таништирилиб, улар билан мунтазам ҳамкорликда иш ташкил этиш келгусида ўз самарасини бериши айтиб ўтилди. Жойларда “маҳаллабай” ишлаш тизими борасида тушунтириш ва тарғибот ишларини кенг қамровда давом эттирилмоқда.