12 Сентябр 2025 йил 153

Косонсой туман прокурорининг туман аҳолисига мурожаати

Азиз юртдошлар, туманимиз меҳмонлари!

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари ва бевосита раҳбарлигида барча соҳаларда мисли кўрилмаган ислоҳотлар  амалга  оширилмоқда.

Мамлакатимизда юз бераётган шиддатли ўзгаришларга, аҳолининг турмуш даражаси кескин ўсиб бораётганига ҳар биримиз бирдек гувоҳ ҳам бўлмоқдамиз.

Президентимиз ана шу янгиланиш, ўзгаришлар самарадор бўлишининг кафолати сифатида мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, бунинг учун жиноятчиликка қарши курашиш тизимини тубдан яхшилашни давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтардилар.

Зеро, бу ислоҳотларнинг самараси барча соҳаларда қонун талабларига сўзсиз риоя этишга, жиноятчилик каби иллатнинг олдини олишга бевосита боғлиқдир.

Азиз Косонсой туман аҳли!

“Янги Ўзбекистон”да ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш ана шундай умуммиллий долзарб вазифага айлантирилди.

Косонсой туманидаги криминоген вазият бизнес муҳитига катта таъсир кўрсатади, унинг ўзига хос, алоҳида ёндашув талаб этадиган хусусиятлари бор.

Туманимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилаяпти.

Бу ишларимиз кундалик ҳаётда ҳам кўринаяпти, жиноятлар учун жазо муқаррарлигини таъминлаш вазифаси қанчалик муҳим бўлса, уларни келтириб чиқараётган сабаб ва омилларини бартараф қилиш ҳам бирдек муҳимдир.

Шу боис, туманнинг ҳар бир кўчасида, маҳалласида, бозорида, истироҳат боғида, жамоат жойида хавфсиз муҳитни яратиш чоралари кўрилаяпти.

Туман ҳудудида жорий йилнинг 8 ойи якуни бўйича содир этилган жиноятларнинг таҳлилига қарайдиган бўлсак,

2025 йил 8 ойида туманимизда жами 150 та жиноятлар қайд этилган бўлиб, 10,2 фоизга камайган бўлиб, ҳар 100 минг аҳоли сонига ўртача 64,3 тадан тўғри келган. Жиноят турларидан, қотиллик 100 фоизга (1/2), ўғирлик 21,4 фоизга (28/34), автомототранспортларни олиб қочиш 100 фоизга (0/1) ошган. Шахслар томонидан содир этилган жиноятлар, вояга етмаганлар жинояти 100 фоизга (2/4), муқаддам судланганлар жинояти 100 фоизга (4/8) ошган.

Тумандаги 56 та маҳаллалардан 2 таси “қизил”, 22 таси “сариқ” ва 32 таси “яшил” тоифага киритилган.

“Қизил” тоифадаги маҳаллалар “Янгишаҳар”, “Маҳдуми Аъзам”. Энг кўп жиноят “Янги шаҳар” ва “Ўзбекистон” маҳаллаларида  маҳалласида 3 тадан содир этилган.

Қидирувда бўлган 37 нафар шахсларнинг 24 нафари ушланмасдан қолган. Содир этилган жами 150 та жиноятларнинг 9,3 фоизи (14 та) фош этилмаган.

Қадрли юртдошлар!

Биз жиноятчиликни жиловлашдек катта мақсадларни ўз олдимизга қўйганмиз.

2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1-сон Қарори асосида жиноятларнинг сабабларинижж “маҳаллабай” ва “соҳабай” муҳокама қилиш тартиби, маҳаллаларни криминоген даражасида тоифалаш тизими, “маҳалла еттилиги” институти, “ижтимоий профилактика” тамойили асосида ҳуқуқбузарликларнинг самарали профилактикасини амалга ошириш орқали аҳолида хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қарорга мувофиқ ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликнинг эрта олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича янги механизм жорий этилди, туман прокуратурасида идоралараро мувофиқлаштирувчи штаб фаолияти йўлга қўйилди.

Қарор ижроси доирасида 2025 йил 8 ойи якунига кўра тумандаги жами 56 та маҳалланинг криминоген вазияти оғир 2 тасига масъул раҳбарлар номма-ном бириктирилган.

Барча туман ва маҳаллаларнинг чораклик манзилли чора-тадбирлар “йўл хариталари” ишлаб чиқилди.

“Йўл харитаси” ижроси юзасидан маҳаллалардаги аҳоли гавжум жойларга 170 та, кўп қаватли уйларнинг ҳовлисига 360 даража айланувчи 3 та, маҳаллаларнинг асосий кириш-чиқиш жойларига 40 та, бозор ва савдо марказларига юзни ва автомобиль рақамини таниб олувчи 6 та, жами бўлиб 260 га яқин камералар, кўп қаватли уйларнинг эшикларига 25 дан ортиқ домофонлар, уйларнинг кириш йўлакларига 3 дан ортиқ ташвиш тугмалари ўрнатилди, 18 та савдо муассасалари ва қарийб 230 та хонадонлар тезкор қўриқловга олинди.

Маҳаллаларда фуқароларни огоҳликка чақирувчи “Ҳудуд камера назоратида!”, “Объект қўриқловда!” ҳамда “Хонадон қўриқловда!” каби жами 420 га яқин стикерлар жойлаштирилди, маҳаллаларда 18 та “намунавий хавфсиз кўча” ҳамда 43 та “намунавий хавфсиз йўлак” ташкил этилди, ички йўллар ва кўчалар 210 та ёритиш воситалари билан таъминланди.

Мисол учун, йил бошидан бери туманда ўрнатилган камералар ёрдамида қидирувда бўлган 2 нафар, жазодан бўйин товлаб келаётган пробация ҳисобидаги 2 нафар шахслар ҳамда олиб қочилган 1 та транспорт воситалари ушланди. Шунингдек, 12 та жиноятлар “иссиқ изи”дан фош этилди.

Қарорга асосан ҳудудларда криминоген вазият ҳамда жиноятчиликни олдини олиш бўйича кунлик сўров ва ўрганишларни йўлга қўйдик.

Бунда, криминоген вазияти оғир маҳаллаларнинг жиноят ўчоқлари жойида ўрганилмоқда, мисол учун, туман маҳаллаларида содир этилган олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сабаблари таҳлил қилиниб, тегишли таъсир чоралари қўлланилди.

Ҳудудларда содир этилган жиноятлар хусусиятини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган 3-чорак учун йўл хариталари бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Шиддат билан ривожланаётган юртимизда инсонлар кўпроқ пул топиш билан бирга, ноқонуний бойлик орттиришнинг янги йўлларини ҳам ўйлаб топмоқдалар.

Кейинги вақтларда фирибгарлик ва ўғрилик жинояти ошаётгани ҳам бунга яққол мисол бўлади.

Фирибгарлик ва ўғрилик жиноятлари аксарият ҳолларда ахборот технологиялари ва интернет ижтимоий тармоқлари орқали содир этилаётганлиги ташвишли ҳолдир.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари илгари дуч келмаган кибер макондаги жиноятлар салмоғи ортиши анчагина ташкилий чоралар кўришни тақозо этади.

Илгари бундай жиноятларга қарши ишлайдиган тизим бўлмаган.
Шу сабабли, аҳолимиздан фирибгарлик қурбони бўлмаслик учун, интернет ижтимоий тармоқлари орқали келаётган турли хил фейк хабарлардан эҳтиёт бўлишларини ҳамда банк карталари ва ҳисоб рақамлари тўғрисидаги   маълумотларни сир сақлашни сўраб қоламиз.

Азиз тумандошлар!

Содир этилган жиноятнинг таҳлиллар асосида оила ва турмушда содир этилган ҳуқуқбузарликларга оилавий-маиший муаммолар асосий сабаб бўлганлиги аниқланди.

Шу сабабли нотинч, ажрим ёқасидаги оилаларнинг мавжуд муаммоларини бартараф этиш бўйича бошқа идоралар ва кенг жамоатчиликни жалб қилдик.

Натижада, ўтказилган ўрганишларда криминоген вазияти оғир маҳаллаларда 286 та ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизлар аниқланиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича 238 та чоралар кўрилди.

Булардан ташқари, 2.811 нафар ишсизлардан 1.453 нафари ишга жойлаштирилди, 592 нафари касбга ўқитилди, 389 нафари эса касбга йўналтирилди.

Ушбу жараёндан муқаддам судланган ва маъмурий назоратдаги шахслар ҳам четда қолмади.

Уларнинг 4 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 3 нафарининг бандлиги таъминланди, 8 нафарининг ижтимоий муаммолари ҳал этилди.

Ёшлар ўртасидаги жиноятчилик масаласига умуммиллат иши деб ёндашиб, барча биргаликда жон куйдириши керак.

Фақат жиноят учун жазони таъминлаш билан овора бўлиб, жиноятларнинг сабаб ва омилларини кўздан қочирсак оқибати ёмон бўлади.

Шу каби, вояга етмаганлар жиноятига фавқулодда ҳолат сифатида қаралиб, уларга таълим ва тарбияни беришда мажбуриятларини бажармаган ота-она ҳамда яшаш ва ўқиш жойларидаги (маҳалла еттилиги) мутасаддиларининг жавобгарлиги кучайтирилди.

Қолаверса, ҳокимлик ва маҳалла фаоллари билан биргаликда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда боқувчисини йўқотган болаларнинг 36 та муаммоси ҳал қилинди.

Мактабгача ва мактаб таълим муассасаларининг кириш-чиқиш жойларига хавфсизликни таъминловчи 24 та замонавий камералар ўрнатилди.

Ҳурматли фуқаролар!

Жуда кўп масалаларда иш услубларимиз ўзгариши зарур, бунинг устида ишлаяпмиз. Президентимиз талаб қилаётган, жиноятларнинг оқибатлари эмас, уларнинг сабабларини, ҳуқуқбузаликларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф қилишни устувор вазифа деб халқ билан биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.

Бунинг учун, ҳар бир маҳалла, хонадонгача тушиб, ҳуқуқбузарлик омилларини аниқлашга эътиборимизни кучайтирамиз, жиноят содир этган ва бунга мойиллиги бор фуқаролар билан учрашувлар ўтказиб, “фуқаробай” иш тизимини жорий қиламиз.

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятга сабаб бўлаётган оилавий, ижтимоий, моддий ва психологик муаммоларни ҳал қилишга, ҳар бир фуқарода “жиноятчиликка қарши иммунитет”ни болаликдан шакллантиришга алоҳида эътибор қаратамиз.

Азиз ҳамюртлар!

Жиноятларга қарши курашда ҳамкор ташкилотлар ҳамда жамоатчилик кўмагида жиноятларнинг ҳар қандай кўринишига чек қўйишга кафолат берамиз.

Шундай экан аҳоли ва кенг жамоатчиликни жиноятларни олдини олишга ҳамда уларни бартараф этишга фаол ҳамкорликка чақирамиз.

Шуни яна бир бор алоҳида қайд этаманки, жиноятнинг ҳар қандай кўринишига тезкор равишда муносабат билдиришга, жиноятга қўл урганларга нисбатан жазонинг муқаррар таъминланишига шахсан кафолат бераман.

Эътиборингиз учун раҳмат!

Косонсой туман прокурори Қ.Асқаров

Text to speech