Косонсой туман прокурорининг туман аҳолисига мурожаати
Азиз юртдошлар, туманимиз меҳмонлари!
Мамлакатимизда юз бераётган шиддатли ўзгаришларга, аҳолининг турмуш даражаси кескин ўсиб бораётганига ҳар биримиз бирдек гувоҳ ҳам бўлмоқдамиз.
Президентимиз ана шу янгиланиш, ўзгаришлар самарадор бўлишининг кафолати сифатида мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, бунинг учун жиноятчиликка қарши курашиш тизимини тубдан яхшилашни давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтардилар.
Зеро, бу ислоҳотларнинг самараси барча соҳаларда қонун талабларига сўзсиз риоя этишга, жиноятчилик каби иллатнинг олдини олишга бевосита боғлиқдир.
Азиз Косонсой туман аҳли!
Туманимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Жиноятлар учун жазо муқаррарлигини таъминлаш вазифаси қанчалик муҳим бўлса, уларни келтириб чиқараётган сабаб ва омилларини бартараф қилиш борасида чоралар кўрилаяпти.
2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1-сон Қарори асосида жиноятларнинг сабабларини “маҳаллабай” ва “соҳабай” муҳокама қилиш тартиби, маҳаллаларни криминоген даражасида тоифалаш тизими, “маҳалла еттилиги” институти, “ижтимоий профилактика” тамойили асосида ҳуқуқбузарликларнинг самарали профилактикасини амалга ошириш орқали аҳолида хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Қарорга мувофиқ ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликнинг эрта олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича янги механизм жорий этилди, менинг раҳбарлигимда туман прокуратурасида идоралараро мувофиқлаштирувчи штаб фаолияти йўлга қўйилди.
Қарор ижроси доирасида тумандаги жами 59 та маҳалланинг криминоген вазияти оғир 7 тасига масъул раҳбарлар номма-ном бириктирилган.
Барча туман ва маҳаллаларнинг чораклик, шунингдек 3-чорак учун манзилли чора-тадбирлар “йўл хариталари” ишлаб чиқилди.
Ўтган давр мобайнида огоҳлик ва ҳуқуқбузарликдан ҳимоя тизимини яратиш мақсасидида маҳаллалардаги кўп қаватли уйларнинг эшикларига замонавий 31 та домофонлар комплекслари, кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари олдига 7 та ташвиш тугмалари жойлаштирилган бўлса, 18 та савдо муассасалари ва 200 та хонадонлар тезкор қўриқловга олинди.
Энг муҳуми, намунавий хавфсиз кўча ва йўлакларнинг ташкил этилиши криминоген вазият барқарорлигини таъминлашда ўзининг ўзининг ижобий натижасини кўрсатмоқда.
Йўл-хаританинг мазкур банди тўлиқ бажарилиб, туман ҳудудида 20 дан ортиқ кўча ва йўлаклар ташкил этилиб, аҳоли ва кенг жамоатчиликнинг хафсизлигини таъминланга хозирда хизмат қилмоқда.
Қарорга асосан ҳудудларда криминоген вазият ҳамда жиноятчиликни олдини олиш бўйича кунлик сўров ва ўрганишларни йўлга қўйдик.
Олиб борилган профилактик тадбирлар ва йўл харита ижроси натижада, олди олиниши мумкин бўлган жиноятлар 16,9 фоизга (89/74 - 15 та) камайди ёки умумий жиноятчиликнинг 22 фоизини ташкил этди.
Ёҳуд, 59 та маҳалларнинг 31 (55,4%) тасида жиноят содир этилмади, 19 (33,9%) тасида эса камайишига эришилди.
Криминоген вазияти оғир маҳаллаларнинг жиноят ўчоқлари жойида ўрганилмоқда, мисол учун, туман маҳаллаларида содир этилган 74 та олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сабаблари таҳлил қилиниб, тегишли прокурор таъсир чоралари қўлланилди.
Ҳудудларда содир этилган жиноятлар хусусиятини инобатга олган ҳолда, 3-чорак учун йўл хариталарни ҳам ишлаб чиқилди.
Ҳурматли Косонсойликлар!
Жиноятчиликни олдини олиш ҳамда коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш бўйича кучайтирилган иш тартибини жорий этдик.
Бу борада вилоят прокурори фармойиши қабул қилиб, барча тезкор ходимлар ҳар бир маҳаллаларга номма-ном бириктирилди.
Соҳага доир тарғибот ишлари бўйича услубий қўлланмалар ишлаб чиқилиб, бу борадаги профилактик тадбирларимизни ҳамон давом эттирмоқдамиз.
Эътиборингизни ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича дастлабки бажарилган ишлар ва таҳлилларнинг натижаларига қаратсам.
Биринчидан, жиноятчиликка қарши курашиш фаолияти самарадорлигини оширишда соҳавий назорат кучайтирилди.
Жорий йилнинг 7 ойида 59 та ўрганишлар ўтказилиб, 400 дан ортиқ шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Бу ишлар мунтазам давом этади.
Иккинчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳам, аҳоли ҳам кўпроқ эътибор бериши лозим бўлган ҳамкорлик кучайтирилиши керак бўлган бир нечта жиноий омилларга диққат қаратмоқчиман.
Шиддат билан ривожланаётган юртимизда инсонлар кўпроқ пул топиш билан бирга, ноқонуний бойлик орттиришнинг янги йўлларини ҳам ўйлаб топмоқдалар.
Кейинги вақтларда фирибгарлик ва ўғрилик жинояти ошаётгани ҳам бунга яққол мисол бўлади.
Фирибгарлик ва ўғрилик жиноятлари аксарият ҳолларда ахборот технологиялари ва интернет ижтимоий тармоқлари орқали содир этилаётганлиги ташвишли ҳолдир.
Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари илгари дуч келмаган кибер макондаги жиноятлар салмоғи ортиши анчагина ташкилий чоралар кўришни тақозо этди.
Маълумот учун, тумандаги жиноятларнинг 64 фоизини ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни ташкил этмоқда.
Мисол учун, жорий йилнинг ўтган даврида биргина пластик карталардан пул маблағларини ечиб олиш ҳолатлари юзасидан 204 та жиноят иши қўзғатилди.
Кибер маконда содир этилган жиноятларнинг 79 таси ёки 38,7 фоизи фирибгарлик ҳамда 122 таси ёки 59,1 фоизи ўғриликни ташкил қилган.
Сўнгги йилларда бу тоифадаги жиноятлар, бир неча бараварга кўпайди.
Илгари бундай жиноятларга қарши ишлайдиган тизим бўлмаган. Шу сабабли, аҳолимиздан фирибгарлик қурбони бўлмаслик учун, интернет ижтимоий тармоқлари орқали келаётган турли хил фейк хабарлардан эҳтиёт бўлишларини ҳамда банк карталари ва ҳисоб рақамлари тўғрисидаги маълумотларни сир сақлашни сўраб қоламиз.
Азиз тумандошлар!
Жуда кўп масалаларда иш услубларимиз ўзгариши зарур, бунинг устида ишлаяпмиз.
Президентимиз талаб қилаётган, жиноятларнинг оқибатлари эмас, уларнинг сабабларини, ҳуқуқбузаликларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф қилишни устувор вазифа деб халқ билан биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.
Бунинг учун, ҳар бир маҳалла, хонадонгача тушиб, ҳуқуқбузарлик омилларини аниқлашга эътиборимизни кучайтирамиз, жиноят содир этган ва бунга мойиллиги бор фуқаролар билан учрашувлар ўтказиб, “фуқаробай” иш тизимини жорий қиламиз.
Ҳуқуқбузарлик ва жиноятга сабаб бўлаётган оилавий, ижтимоий, моддий ва психологик муаммоларни ҳал қилишга, ҳар бир фуқарода “жиноятчиликка қарши иммунитет”ни болаликдан шакллантиришга алоҳида эътибор қаратамиз.
Азиз ҳамюртлар!
Жиноятларга қарши курашда прокуратура органлари, кўмак ва ҳамкорликда жиноятларнинг ҳар қандай кўринишига чек қўйишга кафолат беради.
Шундай экан аҳоли ва кенг жамоатчиликни жиноятларни олдини олишга ҳамда уларни бартараф этишга фаол ҳамкорликка чақирамиз.
Шуни яна бир бор алоҳида қайд этаманки, жиноятнинг ҳар қандай кўринишига тезкор равишда муносабат билдиришга, жиноятга қўл урганларга нисбатан жазонинг муқаррар таъминланишига шахсан кафолат бераман.
Эътиборингиз учун раҳмат!
Косонсой туман прокурори К.Аскаров