27 Июл 2022 йил 1187

КОРРУПЦИЯ ВА МИЛЛИЙ ТАРАҚҚИЁТ: МУАММО ВА ЕЧИМЛАР

Коррупция ҳамма замонда, ҳар бир давлатда энг долзарб муаммолардан бири бўлиб келган. Ҳозирда ушбу иллатга қарши бизнинг мамлакатимизда ҳам жиддий кураш олиб бориляпти. Республикамизда коррупцияга қарши кураш доирасида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, дастурлар қабул қилинган.

Маълумки, шаффофлик, очиқлик-ошкоралик мавжуд жойда коррупцияга қўл уриш мураккаблашади. Шуни назарда тутган ҳолда, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлашга, давлат идораларининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари учун очиқ бўлишига, раҳбарларнинг кундалик фаолиятида журналистлар билан яқин мулоқот ва ҳамкорлик ўрнатишига қаратилган амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Тан олиш керакки, бу коррупциянинг олдини олиш, уни камайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат сифатида сўнгги йилларда аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш тизимининг ислоҳ қилингани, 200 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари қулай, марказлашган ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари орқали кўрсатилаётганини айтиш мумкин. Бу жараёнда инсон омилининг камайтирилгани, шубҳасиз, коррупциявий ҳолатларни сезиларли даражада камайтирди.

Масаланинг яна бир муҳим жиҳати – мамлакатдаги коррупция даражаси унинг халқаро майдондаги ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий нуфузига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатишидир. Бошқа давлатлар билан муносабатлар, инвестицияларнинг жалб этилиши ва бошқа жиҳатларда ушбу мезон ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Коррупция ривожланган, порахўрлик авж олган давлатга ҳеч ким инвестиция киритмайди. Чунки бозор иқтисодиёти тизими кушандаси, давлатлар ўртасида ҳамкорлик, бизнес ва инвестиция ривожидаги шафқатсиз тўсиқ ҳам айнан коррупция саналади.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан ташкил этилган навбатдаги матбуот анжуманида Обод МФЙ профилактика инспектори Зуҳриддин Хожаев мавзу юзасидан мулоҳазалар билдирди, бу борада туманимизда амалга оширилаётган ишлар ва ҳолат бўйича маълумотлар бериб ўтди. Матбуот анжуманида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech