27 Апрел 2021 йил 1366

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган турмуш ўртоғи томонидан калтакланган келин ҳақидаги ахборот юзасидан Наманган вилояти ИИБнинг расмий муносабати

Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро М.К. Тўрақўрғон тумани ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда, куёви Тўрақўрғон туманида яшовчи А.Х. қизи У.Х.ни жорий йил 12 апрел куни рашк сабабли уриб тан жароҳати етказганлигини маълум қилиб, куёвига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Тўрақўрғон туманлараро СТЭБнинг суд тиббий экспертиза хулосасига кўра фуқаро У.Х.нинг тан жароҳатлари кўкрак қафаси орқа юзаси чап ва ўнг томонларида тўқима дефекти билан бўлган яралар борлиги, кўкрак қафаси олд ва орқа юзаларида, елка камарида, ҳар иккала елкаларида, билакларида, қўл кафтларида, сонларида териости гематомалар борлиги, ҳар иккала кўз қовоқларида юзида, кўкрак қафаси олд юзасида, бош тепа соҳасида қонталашлар аниқланган бўлиб, ушбу жараҳатлар ўтмас қаттиқ буюм таъсиридан келиб чиққанлиги, айрим қонталашлар фонида илмоқсимон, бир томони очиқ овал шаклли эканлиги, цлиндирик кўринишли бошқа қонталашлар аниқланганлиги, булар ярим қаттиқ буюм ҳисобланган арқон таъсиридан юзага келган бўлиши инкор этилмаганлиги, аниқланган жароҳатлар соғлиқни қисқа вақт- 6 кундан кўп 21 кундан кам бўлган муддатга бузилишига олиб келадиган ҳусусиятга эга бўлгани учун оғирлик даражасига кўра, соғлиғини бузилишига сабабчи бўлган ЕНГИЛ тан жароҳатлари тоифасига кириши кўрсатилган.

Ушбу ҳолат бўйича фуқаро А.Х.нинг қилмишларида Ўзбекистон  Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноят аломатлари мавжудлигини инобатга олиб, 2021йил 24 апрель куни Тўрақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан жиноят иши қўзғатилган.

 

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech