7 Ноябр 2025 йил 239

Наманган вилояти ИИБ бошлиғи Поп туманидаги 6-сонли жазони ижро этиш колонияси фаолияти билан танишди

Наманган вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан вилоятдаги ички ишлар органлари, соҳавий хизматлар ҳамда уларнинг моддий-техник базаси ҳолати мунтазам назоратдан ўтказилиб, аниқланган масалалар бўйича амалий ёрдам кўрсатилиб келинмоқда.

Шу доирада, бошқарма бошлиғи Поп тумани ҳудудида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментининг 2-минтақавий ҳудудига қарашли 6-сонли жазони ижро этиш колонияси фаолияти билан яқиндан танишди.

Ўрганиш жараёнида ходимлар учун яратилган меҳнат ва дам олиш шароитлари, жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ҳамда уларнинг яқинлари учун яратилган қулайликлар, маҳкумлар ошхонаси, ётоқхоналар, хизмат кўрсатиш бинолари ва ёрдамчи хоналар ҳолати кўздан кечирилди.

Шунингдек, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ҳам ўрганилиб, иситиш тизимларининг ҳолати, ёқилғи заҳиралари, санитария ва гигиена талаблари бўйича кўрсатмалар берилди.

Мазкур ўрганиш давомида маҳкумлар билан ҳам суҳбат ўтказилиб, уларнинг муаммо ва таклифларини тинглади, мавжуд масалалар бўйича тегишли масъулларга топшириқлар берди. Шунингдек, колонияда фаолият юритаётган касб-ҳунар ўқитиш марказининг иш жараёни ўрганилиб, маҳкумларни фойдали касбларга ўқитиш ва меҳнатга жалб этиш самарадорлигини ошириш топшириқ берилди.

Ўрганишларда колония раҳбариятига ходимларнинг хизмат интизомини мустаҳкамлаш, қонунийликка қатъий амал қилиш, маҳкумлар учун яратилган шарт-шароитларни доимий равишда яхшилаб бориш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Бундай ўрганишлар тизимнинг барча соҳаларида изчил олиб борилмоқда ва ички ишлар органларининг фаолият самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech